Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида “Фуқароларнинг ёнғин ва фавқулодда вазиятлардан, ҳаво-газ аралашмасининг портлаши, заҳарли газдан зарарланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар” ҳамда “Коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш” мавзуларида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ва Матбуот анжумани ўтказилди.
Унда бошқарма раҳбарияти томонидан йиғилганларга амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши билан фуқароларнинг иссиқликка бўлган эҳтиёжи ортади. Йил бошидан шу кунгача Қорақалпоғистон Республикасида 678 та ёнғин ҳолати ҳисобга олинган. Уларнинг асосий қисми, яъни қарийб 75 фоизи фуқаролар турар жойларида содир бўлган. Шунингдек, 771 маротаба оғир вазиятда қолиб, мурожаат қилган фуқароларга қутқарувчилар томонидан амалий ёрдам кўрсатилган.

Куз-қиш мавсумида ҳар биримиз ўзимиз ва оиламиз хавфсизлигини таъминламасак, хонадонимиздаги иситиш қозонларининг созлигини текширмасак, оғир, кўнгилсиз ҳолатларнинг юз бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўтган 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 20 нафар фуқаро заҳарли газдан зарарланиб, вафот этган.
Бунинг сабаби нимада? Сабаби, кўнгилсизликлар хонадонга сунъий равишда ишланган иситиш қозонини ўрнатиб, уларнинг соз ёки носозлигини текширмасдан фойдаланилаётганлиги оқибатида юз бермоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жами 1 минг 700 дан ортиқ кўп қаватли уйда 45 мингга яқин хонадон мавжуд бўлиб, аксарияти Нукус шаҳрида жойлашган. Ўрганишларга кўра, фуқароларнинг заҳарли газдан зарарланиши билан боғлиқ бўлган нохуш ҳолатлар илгари қурилган кўп қаватли уйларда, айниқса ўрганиш ўтказишга борган ходимларга эшигини очмаган, сунъий иситиш қозонхоналаридан фойдаланган, мўриси ёки горелкаси носоз бўлган хоналарда содир бўлмоқда.

Нукус шаҳридаги эски кўп қаватли турар жойларда 15 мингга яқин хонадон бўлиб, уларнинг эгалари уйда бўлмаганлиги туфайли ушбу хонадонларнинг 2 минг 100 дан ортиғи ўрганилмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жами 458 та қурилиш объектининг рўйхати ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 11 ойи давомида қурилиш учун тақдим этилган 8 минг 754 та ер майдонининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги ўрганилиб, 8 минг 665 та ҳолатда ер майдонини ажратишга рухсат берилди.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид бўлган 89 та ер майдонини ажратиш юзасидан салбий қарор қабул қилинди. Лойиҳа ташкилотлари томонидан келишиш учун берилган 1 минг 112 та мурожаатдан 849 таси ижобий ҳал этилди. 263 та лойиҳа ҳужжатларига ёнғинга қарши чоралар киритилмаганлиги сабабли уларга нисбатан салбий фикр билдирилди.

Қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга қабул қилиш бўйича 392 та мурожаат келиб тушган. Шундан 327 та қурилиши якунланган объект фойдаланишга қабул қилинди. 65 та объектда ёнғинга қарши ускунлар етишмаганлиги сабабли фойдаланишга қабул қилинмади.
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимида қонун бузилиши билан боғлиқ салбий ҳолатлар, ҳуқуқбузарликлар ва коррупция жиноятларини жиловлаш, олдини олиш мақсадида тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг ўтган даврида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вакилларини жалб этган ҳолда, бошқарма тизимида коррупция ва бошқа турдаги жиноий ишларнинг олдини олиш бўйича 460 га яқин умумий профилактик тадбир ўтказилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига раҳбарлар ҳамда масъул ходимлардан тегишли жавоблар олишди. Шунингдек, улар бошқармада ходимлар учун яратилган шароитлар, навбатчи диспетчерлик хизмати фаолияти ҳамда янги техникалар билан танишишди.
Довуд Абибуллев, ЎзА мухбири