Бугунги кунда ёшларга Ўзбекистон олиб бораётган очиқ, прагматик ҳамда фаол ташқи сиёсат, унинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб бориш, улар билан ҳамкорликда туркум тадбирлар ташкил этиш дипломатия илмини чуқур ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази томонидан йил давомида ташкилотга аъзо давлатларнинг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқларини акс эттиришга қаратилган тизимли лойиҳалар, маданият кунлари, санъат ва дўстлик кечаларини ўтказиш анъанавий одат тусига кирган.
Жорий йилнинг 21 апрель куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) – Миллий тадқиқот университетида “ШҲТни кашф эт!” мавзусида инглиз тилида очиқ дарс ташкил этилди.
Тадбир давомида талабаларга ШҲТ ташкил этилишининг мақсад ва вазифалари, фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, Ўзбекистонни мазкур ташкилотдаги ўрни ва нуфузи, ташаббуслари, юртимизда ўтказилган ШҲТ саммитларининг мазмун моҳияти ёшларга тушунтирилди.
Очиқ дарсда университетнинг таълим инглиз тилида олиб бориладиган йўналишларида таҳсил олаётган талабалар фаол иштирок этиб, ўз билим ва истеъдодларини намоён этишди, муҳим мавзулар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Талабалар ўзлари ҳам ШҲТ аъзо давлатлар делегатлари сифатида тақдимотлар тайёрлаб, ҳар бир давлатнинг мазкур ташкилотдаги ўрни, роли ва халқаро сиёсатдаги аҳамияти ҳақида чуқур таҳлилларга асосланган маълумотлар тақдим этдилар.
Жумладан, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон каби давлатларнинг ШҲТдаги сиёсий, иқтисодий ва геосиёсий фаолияти кенг ёритилди. Тадбирда ташкилотга аъзо давлатларнинг нафақат иқтисодий-сиёсий балки маданий алоқалари, халқ дипломатияси, таниқли шахслари ҳақида маълумотлар ҳамда миллий санъат ва ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
“Очиқ дарс давомида биз ШҲТга аъзо 10 та давлат номидан чиқиш қилиб, ушбу ташкилотнинг халқаро ҳамкорликдаги ўрни, Ўзбекистоннинг фаол иштироки ҳамда минтақавий хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт ва маданий алоқалардаги роли ҳақида мунозаралар олиб бордик”, - дейди университет талабаси Н.Нуриллаева.
Тадбир давомида талаба ёшлар савол-жавоблар орқали ўз билимларини янада мустаҳкамлаб, ШҲТ давлатлари ҳақидаги чуқур илмларга эга бўлишди.
Тадбир якунида Марказ раҳбари ёшларни Ўзбекистон ташқи сиёсатига қизиқишларини юқори баҳолаб, ШҲТни биргаликда ўрганиш, ҳамкорликда туркум тадбирлар ташкил этиш, хусусан, институт қишлоқ хўжалиги, сув соҳасидаги билимлар чуқур ўрганиладиган муассаса бўлганлиги боис олийгоҳ талабалари билан ҳамкорликда халқаро муносабатлар соҳасида ҳам муҳим аҳамиятга эга дипломатия тури – сув дипломатияси бўйича тадбирлар ташкил этиш мумкинлигини айтиб, “Сирдарё – дўстлик дарёси” лойиҳасини биргаликда ўтказиш таклифини билдирди.
Маълумот учун: Марказ томонидан “Сирдарё – дўстлик дарёси” туркум тадбирларни ўз ичига олган мега лойиҳа бўлиб 4 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар лойиҳанинг биринчи босқичи 2023 йил Ўзбекистон (Чиноз)да, иккинчи босқичи 2024 йил Тожикистон (Хўжанд)да муваффақиятли ўтказилган. Жорий йил Қирғизистон (Ўш)да ва 2026 йилда Қозоғистон (Чимкент)да ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Талабалар ушбу таклифдан мамнун бўлиб, лойиҳада иштирок этиш иштиёқини билдиришди.
ШҲТ доирасидаги муносабатларни чуқурроқ англашга хизмат қилган ушбу очиқ дарс ёшлар учун илмий ва амалий жиҳатдан жуда фойдали бўлди. Бундай очиқ дарслар нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки амалий кўникмаларни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тадбир якунида барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирилди ва фаол талабалар рағбатлантирилди.
Биз ШҲТни биргаликда кашф этдик.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати кўмагида тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА