Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора тадбирлари тўғрисида” ги қарорида 2022 йил 1 январдан эътиборан барча туман(шаҳар)ларда тегишли бюджетларнинг тасдиқланган харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгилаб қўйилган эди.
2021 йил 1 июлдан бошлаб эса жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилди.
– Ташаббусли бюджет жараёни маҳаллий бюджетнинг маблағларини аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга, фуқароларнинг бюджет жараёни иштирокини таъминлашга ва аҳолининг ўзи истаган тадбирни амалга оширишга қаратилган жараён ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Ўроқов. – Булар ҳаммаси openbudget.uz портали орқали амалга оширилади ва йилига икки марта – февраль ва июль ойларида ўтказилади. 2021 йилда фуқаролар ташаббуси жамғармасига 37,6 миллиард сўм маблағ ўтказилган бўлиб, аҳоли томонидан 2059 та таклиф келиб тушган. Бу таклифлар ишчи комиссия томонидан кўриб чиқилиб, 528 таси овоз бериш жараёнига қўйилди. Овоз бериш жараёнларида жами 64 минг 196 та овоз берилган ва 96 та таклиф ғолиб топилган. Молиялаштириш учун Халқ депутатлари шаҳар, туман сессияларига киритилди.
Масалан, Нарпай тумани “Нарпай” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қорахитой қишлоғи аҳолисини бир неча йиллардан буён ичимлик сув муаммоси қийнаб келаётган эди. Ушбу қишлоқ аҳли томонидан киритилган таклиф фуқаролар ташаббуси жараёнида ғолиб чиқди ва молиялаштириш учун 205 миллион сўм маблағ ажратилди. Каттақўрғон шаҳридаги 22-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларга қулай шароит яратиш мақсадида мебель жиҳозлари олиб бериш масаласи ҳам фуқаролар ташаббуси орқали молиялаштирилади. Бу йилги ташаббусли бюджет жараёнининг биринчи босқичида фуқаролар томонидан 3661 та таклиф илгари сурилиб, ҳудудий ишчи комиссиялар уларнинг 1692 тасини овоз бериш жараёнига ўтказишга хулоса берди. Бу жараёнда вилоят аҳолисининг қарийб 10 фоизи иштирок этди ва ўзлари қўллаб-қувватлаган таклифларга 369 мингдан ортиқ овоз берди.
Ташаббусли бюджет жараёни 1-босқич якунларига кўра, 209 та таклифлар ғолиб деб топилди ва ушбу тадбирлар учун жами 114 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Ғолиб деб топилган таклифлардан учтаси Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 22 апрелдаги 213-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига зид бўлганлиги сабабли рад қилинган. Шунингдек, ташаббусли бюджет жараёнида фуқаролар томонидан 2000 дан ортиқ овоз берилган таклифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан Каттақўрғон ва Иштихон туманларига қўшимча равишда республика бюджетидан 2,9 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ғолиб таклифлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ 70 та, умумтаълим мактабларини таъмирлаш юзасидан 53 та, мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлашга оид 33 та соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш бўйича 11 та, ичимлик сув ва оқава тизимини яхшилашга оид 5 та таклиф маъқуллангани маълум бўлди.
Ушбу ғолиб таклифларни молиялаштириш бўйича ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан манзилли дастурлар ишлаб чиқилди ва Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида тасдиқланди. Бугунги кунда ғолиб деб топилган таклифларни молиялаштириш бўйича молия бош бошқармаси хамда вилоят прокуратураси томонидан назорат қилинмоқда. Йил якунида эса жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига ҳисобот киритилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири