Очиқликка асосланган лойиҳа соҳани ривожлантиришга хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Таъкидлаш лозимки, лойиҳа доирасида кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишнинг замонавий технологияларга асосланган самарали ва ҳамма учун очиқ тизимларини яратиш бўйича ишлар изчил олиб борилмоқда. Шубҳасиз, улар Ўзбекистонда электрон ҳукумат хизматларининг асосий қисмларидан бирига айланади ва миллионлаб фуқаро ва тадбиркорларга фойда келтиради.
Лойиҳанинг биринчи фазаси давомида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича бир қатор комплекс вазифалар амалга оширилган эди. Жумладан, жамоатчиликни кўчмас мулк ва кадастр реестри соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилиш, унда шу каби тушунчаларни шакллантириш мақсадларига қаратилган тадбирлар амалга оширилди. Бунда аҳолига давлат мулкини рўйхатдан ўтказиш хизматларидан фойдаланишга ўргатиш ва мотивация қилиш усуллари қўлланилган. Шунингдек, мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳолатининг нотўғри тушуниш ҳолатларини бартараф қилиш, аҳолининг мулкка нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари ҳақидаги хабардорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, “Ўзбекистонда кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш” лойиҳасининг жамоатчиликни хабардор қилиш компоненти доирасида қуйидагиларни амалга ошириш кўзда тутилган:
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш муҳимлиги ва самарадорлиги тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш;
Мамлакат аҳолисини Давергеодезкадастр қўмитаси мажбуриятлари билан таништириш;
Жамоатчиликни мамлакатимизда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиш;
Фуқароларга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш борасидаги ҳуқуқ ва бурчларини тушунтириш;
Жамоатчиликка янги кадастр технологиялари тўғрисида ахборот бериш;
Жамоатчиликни маълумотларга ишлов бериш рақамли тизимлари иш принциплари билан таништириш;
Кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун зарур давлат божи ва хизматлари учун тўловни ҳисоблаш қоидаларини тушунтириш;
Кўчмас мулк ҳуқуқини кўчмас мулкни ишбилармонлик мақсадида фойдаланиш учун яратиш имкониятлари масаласини батафсил англатиш.
Лойиҳанинг жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича йўналишида барча тадбирлар “Менинг уйим” номи билан амалга оширилади. Аҳолининг кўчмас мулкни онлайн рўйхатга олиш масаласида билимларини ошириш бўйича онлайн платформа ҳамда барча қизиқтирувчи саволларга тезкор равишда жавоб топиш учун телеграм-бот яратилади.
Лойиҳа доирасида ёш ва фаол аудиторияни жалб қилган ҳолда турли тадбирлар ташкил қилиш, лойиҳанинг асосий мавзусини ёритишга журналист ва блогерларни мотивация қилиш орқали ахборот тарқатиш, кенг омманинг хабардорлигини ошириш кўзда тутилган.
Анимацион роликларни яратиш ҳам режалаштирилган. Улар ёрдамида фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари кенг тарғиб қилинади. Ушбу ижтимоий роликлар давлат телеканаллари орқали намойиш этилади, ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформада жойлаштирилади.
Лойиҳанинг ёрқин ҳодисаларидан яна бири – “Ер.Диёр.Уй” биринчи ёшлар интеллектуал фестивали Бутунжаҳон ер кунига бағишланади. Ушбу тадбир комбинацияланган комплекс форматда бўлиб, бир нечта тадбирларни қамраб олади ҳамда онлайн режимда ҳам амалга оширилади. Аввалдан рўйхатдан ўтган ва танланган ёш ташаббускор гуруҳлар квест форматидаги интеллектуал танловларда иштирок этишади. Улар кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва мулкка эгалик ҳуқуқи тизимини соддалаштириш, ер ресурсларидан унумли фойдаланиш йўллари ва янги технологиялари, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография фаолияти самарадорлигини кучайтириш мавзуларидаги ўзларининг стартап-лойиҳаларини тақдим қилишади.
Шунингдек, “Менинг ерим – менинг уйим” номли кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш масаласи бўйича журналистлар учун медиа тур, журналистлар ва блогерлар учун танловлар, Қўмитанинг ҳудудий тизимларининг матбуот хизматлари ходимлари учун семинар-тренинглар ташкил қилиш режалаштирилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида бўлиб ўтган тадбирда батафсил маълумот берилди. Унда қўмита масъул ходимлари, лойиҳани амалга оширувчи жамоа, журналистлар ва бошқалар иштирок этишди.
Ер ресурслари, геодезия, картография ва
давлат кадастри давлат қўмитаси Ахборот хизмати.