Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обжазсойликлар мурожаатлари тингланди
15:22 / 2026-02-02

Оҳангарон туманининг олис Овжазсой қишлоғида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, жойига чиққан ҳолда ижтимоий ҳолатларни ўрганиш ва тиббий кўриклар ташкил қилиш борасида амалий тадбирлар ўтказилди.

Бу ҳудуд Қурама тоғ тизмаси этаклари ҳавоси тоза ва салқин, айниқса, ёзнинг жазирама кунлари ниҳоятда баҳаво бўлади. Куз ва қиш фаслларида ҳам табиати гўзал ва хушманзара. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан, Оҳангарон туманидаги Овжазсойга “Туризм қишлоғи” мақоми берилган. Бугунги кунда бу мўъжазгина қишлоқда 300 дан зиёд хўжалик ва икки минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. 

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев палатка шароитида сайёр қабул ўтказиб, аҳли ва ёшлар билан суҳбатлашди. Қабул жараёнида аҳолининг турли ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича мурожаатлари тингланди. Тегишли бошқарма ва ташкилот раҳбарлари иштирокида уларни шу жойнинг ўзида ҳал этиш, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгилаш чоралари кўриладиган бўлди. 

Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом рақобат ва интеллектуал салоҳиятни ошириш мақсадида кўчалараро “Заковат” ва “Ёшлар” учрашуви тадбирлари, шунингдек, турли спорт мусобақалари ташкил этилди. Бундай тадбирлар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, дўстона муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Мусобақа ғолиблари вилоят ҳокими томонидан муносиб тақдирланди. Тадбирда намунали оилаларга ҳам эсдалик совғалари топширилди. 

[gallery-27428]

Тадбир доирасида маҳаллий аҳоли учун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Унда жами 105 нафар аҳоли иштирок этди. Тиббий кўриклар эндокринолог, жарроҳ, невропатолог, окулист, кардиолог, стоматолог, фтизиатр мутахассислари иштирокида ўтказилди. Шу билан бирга, УТТ, рентген, ЭКГ каби диагностик текширувлар ҳамда лаборатория таҳлиллар, жумладан, қон таҳлиллари амалга оширилди. 

Кўриклар давомида аниқланган касалликлар бўйича фуқароларнинг 4 нафарига вилоят кардиология диспансерига, 23 нафарига туман миқёсида даволаниш тавсия этилди, қолган беморларга амбулатор, стационар шароитда даволанишга кўрсатмалар берилди ва дори-дармонлар ҳам тарқатилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳам аҳоли хонадонларига бориб шароитини ўрганди. 

– Оилавий шароитимиз ижтимоий ходим томонидан ўрганилиб, дастлаб менга психологик ёрдам кўрсатилди, фарзандим учун ногиронлик аравачаси берилди. Шунингдек, фарзандларим адаптив спортга жалб этилди, турмуш ўртоғимнинг бандлиги таъминланди. Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги имтиёз ва имкониятлар шундай чекка жойларгача етиб келаётганидан хурсандмиз, — дейди Овжазсой маҳалласида яшовчи фуқаро Дилноза Ботирова. 

Кечга яқин қишлоқда “Мунаввар оқшомлар” номи остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Очиқ осмон остида ташкил этилган ушбу самимий кеча қишлоқ аҳолисига унутилмас таассуротлар улашди. Таниқли хонандаларнинг куй-қўшиқлари, жонли ижролар ва оҳанглар кечага янада файз бағишлаб, йиғилганларга байрамона кайфият улашди. Аҳоли учун ёқилган катта гулхан эса оқшомга алоҳида илиқлик бахш этди. 

Муҳими, “Мунаввар оқшомлар” тадбири Овжазсойда маданий ҳаётни жонлантириш, аҳоли кайфиятини кўтариш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилган, чинакам халқона байрам сифатида ёдда қолди. 

А.Мусаев, ЎзА.