Атроф-муҳитнинг тоза, кўчаларнинг озода бўлишида ободонлаштириш соҳаси ходимларининг ҳиссаси катта.
Уларнинг саломатлигини асраш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамкорлигида Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг ишчи-ходимлари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.


Тиббий кўрикда ходимлар кардиолог, невропатолог, уролог, пульмонолог, гинеколог, терапевт, эндокринолог, ЭКГ, дерматолог сингари тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтди.

– Очиғини айтганда, соғлиғимизга кам эътибор берамиз. Вақтида шифокор кўригига учрамаймиз. Лекин биз ҳақимизда ўйлайдиган, ғамхўрлик кўрсатадиган, саломатлигимиз ҳақида қайғурадиган ташкилот борлигидан хурсандмиз, — дейди Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Шоирахон Абдураҳмонова. — Мана бугун ҳам касаба уюшмалари томонидан биз ободонлаштириш ишчи-ходимлари учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Барча йўналишдаги шифокорлар кўригидан ўтдик.

– 15 йилдан буён Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида кўча супурувчи бўлиб ишлайман дейди, — Соҳибахон Тошматова. — Бизни доим касаба уюшмалари ҳар томонлама ҳимоя қилиб келган. Мана бугун саломатлигимизни ўйлаб, бепул тиббий кўрик ташкил этиб берилди. Ҳамкасбларим қатори мен ҳам шифокорлар назоратидан ўтдим.

Шу куни ишчи-ходимлар билан мулоқотлар ҳам ўтказилиб, касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича маълумотлар берилди.

Тиббий кўрик давомида даволанишга эҳтиёжи бор шахсларнинг касаба уюшмалари томонидан сиҳатгоҳларда имтиёзли равишда даволаниши белгилаб олинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА