Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Олтинкўл тумани ободонлаштириш бўлими ишчи-ходимлари билан мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида уларга қулайликлар яратиш, иш шароитларини яхшилаш юзасидан ўзининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Соҳа ходимларининг машаққатли фаолиятларида зафарлар тилади.
Олтинкўл тумани Андижоннинг энг обод туманларидан бири ҳисобланади. Тумандаги ҳар бир маҳалланинг кўча, гузар ва хонадонларида, меҳнат жамоаларида, таълим масканларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит покизалигига алоҳида эътибор қаратилади. Бу ишга каттаю кичик ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади. Шу боис ҳам тумандаги ободонлаштириш ишларига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.
Мазкур йўналишдаги ишларни самарали олиб боришда шубҳасиз, туман ободонлаштириш бўлими ходимларининг ҳиссаси катта.

– Айни кунда жамоамизда 200 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилади, – дейди Олтинкўл туман Ободонлаштириш бўлими бошлиғи Миролим Мирзаев. – Фидойи ходимларимиз эрта баҳордан йил охирига қадар марказий кўчалар, магистраль йўллар четларини, белгиланган ҳудудларни, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, покизалигини сақлаш бўйича ёзнинг иссиқ, қишнинг аёзли кунлари бўлишидан қатъи назар зиммаларига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиб келмоқда.

Туман ободонлаштириш бўлими ишчи-ходимларининг самарали иш юритишига кўмаклашиш, меҳнатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан 20 нафар ишчи-ходимга замонавий велосипед, қишки махсус кийим-бош ва иш қуроллари топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА