Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ободлик оилаларнинг тотувлигидан бошланади
08:45 / 2022-05-19

Оила ҳақида гапирганда беихтиёр кўз олдингизда ота-онаси, фарзандлари билан жамулжам хонадон гавдаланиши табиий. Зеро, ота-онанинг фарзандларига меҳри, ғамхўрлиги оилада намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З. Маҳкамованинг вилоятимизга ташрифида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди. Қўмита раиси З.Маҳкамова тадбирдан сўнг Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бўлим бошлиқлари, вилоятнинг 236 та маҳаллаларида иш бошлаган хотин-қизлар фаоллари билан алоҳида суҳбат ўтказиб, ибратли оилалар сафини кенгайтириш, ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳусусида фикр-мулоҳазалар билдирди, фаолиятимизда туб бурилишлар ясашга даъват этди.

Аччиқ, аммо очиқ далиллар шуни кўрсатадики, Гулистон туманида ҳам бу борада жиддий чора-тадбирлар кўриш вақти келди. Туман кесимида шу йилнинг 4 ойида 42 та ажрим бўлган, 14 оила ажрим ёқасида. Эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сони уларнинг ўсиб бориш кўп ҳолларда йўқчиликдан, тўқчиликдан келиб чиқаяпти.  Ҳурмат, кечиримлилик ва ўзаро бир-бирини тушунишнинг йўқлиги, фарзанд тарбиясига, унинг камол топиши йўлида ота-оналарнинг тарбия бобида шахсий намуна кўрсатиш даражасининг сусайиши ёки зиммадаги “никоҳ” деб аталмиш муқаддас, илоҳий ришта ва “оила” деб аталмиш қўрғоннинг юксак масъулиятини ҳис қилмаслик, ота-оналар ёшларнинг оилавий шахсий ишларига ҳаддан зиёд аралашуви каби ҳолатлар кўзга ташланади.

Туман бўйича хотин-қизлар ўртасида 1142 нафар ишсиз рўйхатга олинган, уларнинг 51 фоизи иш билан таъминланди, қолганларни ҳам тадбиркорликка йўналтириш, қўшимча касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўрилмоқда. 25 та маҳалладан 158 та узоқ муддатга хорижга ишга кетган аёллар аниқланган. Уларни оиласи бағрига қайтариш ва иш билан таъминлаш, уй-жой муаммоларини ҳал этишга доир чора-тадбирларни кўриб чиқяпмиз.

Оилалар, эр-хотинлар ёки оиланинг бошқа аъзолари ўз муаммоларини яшириш, уларни ошкор қилмасликка ҳаракат қилишади ёхуд давлат органларига нисбатан ишонч йўқлиги сабабли уларга мурожаат қилишдан тийилишади. Бунинг натижасида кичик муаммоларнинг катталашиб кетишига, оқибатда оилавий зиддиятлар ва низоларнинг вужудга келишига ҳамда якунда – эр-хотин ажрашишига олиб келади. Шу ўринда мамлакатимизда ҳам 2019 йил 2 сентябр куни “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам бежизга эмас.

Зўравонлик бу – хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик). Тазйиқ деганда эса содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик тушунилади.

Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжатдир. Туманда тайзиқ ва зўравонлик бўйича 108 та ҳимоя ордери берилган, 100 тасини муддати тугаган 8 таси назоратда турибди. Ҳимоя ордери олганлар ва бу рўйхатга киритилганларнинг кейинги ҳаётини ҳам бевосита назоратга олиш, уларга индивидуал дафтарлар тутиш ҳақида тўхтамга келдик. Бу каби оилаларнинг ҳаёти маромга тушиш учун, албатта эътибор ва назорат керак.

Оилалар барқарорлигини таъминлаш, эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сонини камайтириш, оилани сақлаб қолиш имконини берадиган кўплаб ташкилий-ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий чоралар белгиланган ва бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Бироқ, халқчил ва оммабоп усулларни қўллашга доим эҳтиёж бор. Маҳаллаларда қайноналар кенгашларини тузиш, ҳатто эркаклардан ҳам шу каби кенгашлар тузиш таклифлари билдирилмоқда. Улар нафақат ажрим, балки, янги вужудга келаётган оилалар билан ҳам суҳбатлашади, маслаҳат, тажрибаларидан насиҳатлар беради.

Эр-хотин ўртасидаги ажрашишлар сонини камайтириш, оилаларнинг бир бутунлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш борасидаги ташкилий-ҳуқуқий механизмларни кучайтириш, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни кучайтириш замон талаби. Зеро, ободлик оилаларнинг тотувлигидан бошланади.
 

Нилуфар Ғафурова,  
Гулистон тумани ҳоким ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи
ЎзА