Теварак-атрофи озода хонадон ва кўча-куйи саранжом-саришта маҳалла ҳамда қишлоқда файзу барака, тани-сиҳатлик бўлади. Зеро, кексаларимизнинг тозалик ва озодаликни улуғлаши, хотин-қизларимизнинг ҳар тонг ҳовлиларига сув сепиб, эшиги атрофини, кўча-куйни супуриб-сидиришида, халқимизнинг қорли-қировли қишдан кўкламга етганида, жазирама ёздан куз фаслига қадам қўйганида ҳашар уюштириб, ҳудудларни ободонлаштиришида ҳам чуқур маъно бор.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам воҳага баҳор ўз сепини ёйган шу кунларда бир ҳафталик оммавий ҳашар уюштириб, маҳалла ва қишлоқларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларга шакл бериш, кўча-куй ва хонадонлар атрофини тартибга келтириш ташаббусини илгари сурди. Бу ғояни кенг жамоатчилик қўллаб-қувватлаб, белни маҳкам боғлади. Вилоятда кўнгилли ҳашар бошланди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг қамровли эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ҳам вилоятнинг энг оғир аҳволдаги 4 та ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир бўлган 77 та маҳалласида инфратузилма яхшиланиб, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойили жорий этилмоқда. Йўллар таъмирланиб, электр энергияси таъминоти яхшиланмоқда. Томорқаларни суғориш тизими янгиланаётир. Эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилаётир. Шунингдек, жорий йил бошида вилоятдан сайланган сенаторлар, xалқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, ҳокимликлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари, тадбиркорлар ҳамда агрокластер раҳбарлари мурожаат қабул қилиб, аҳолини воҳанинг барча гўшасини улкан бунёдкорлик ва ободлик масканига айлантириш ташаббусини ўртага ташлаган эди.

Шунга мувофиқ вилоятдаги 724 та маҳаллани обод масканга айлантириш, 11 минг 157 та кўчада “Обод кўча”, 720 минг 149 та хонадон ва 531 минг 110 оилада “Обод хонадон” мезонларини жорий этиш бош мақсад сифатида белгилаб олинган. Томорқа хўжалигига эга 482 минг 938 та хонадондаги ер майдонларига ҳосилдор экинлар экиш ва уларни парваришлаш орқали қўшимча даромад манбаини яратиш, ердан самарасиз фойдаланаётган оилаларда тушунтириш ишларини олиб бориш вазифалари белгилаб олинди. Йил давомида азалий қадриятимиз бўлган ҳашар ташкил этишни анъанага айлантириб, воҳада яшаётган 19 минг 816 та боқувчисини йўқотган оила, 366 нафар ёлғиз кекса, 80 минг 709 та кам таъминланган оила хонадонларини ободонлаштириб тартибга келтириш, ногиронлиги бўлган 85 минг 640 нафар шахсга доимий эътибор қаратиш режалаштирилди.

Айни пайтда вилоятда бошланган бир ҳафталик оммавий ҳашар ҳам ана шу эзгу ташаббусларнинг узвий давомидир.
– Халқимизда “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган пурмаъно гап бор, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Орзиқул Соатов. – Миллатимизнинг бу фазилати асрлар оша яшаб, юртдошларимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Чунки, поклик, озодалик, тозалик бор жойда файз-барака, ишда унум, одамлар кайфиятида кўтаринкилик бўлади. Шу боис ҳам жорий йилда бу ишга янада катта эътибор қаратилиб, жойларни ободонлаштириш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди. Нуронийларимиз бу жараёнда ёшларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини бериб, ҳашарларга бош-қош бўлиб турибди.

Вилоятнинг Бойсун туманида 39 та маҳалла мавжуд. Шу кунларда барча маҳаллаларда бир ҳафталик оммавий ҳашар қизғин давом этмоқда. Маҳаллалар “еттилиги” бошқаларга ибрат бўлиб, бу ишда фаол иштирок этмоқда. Кўчалар ободонлаштирилиб, мевали ва манзарали дарахтлар оқланаётир. Ариқлар тозаланиб, бўш ерларга турли дарахт ва гул кўчатлари экилмоқда. Якка тартибдаги уйлар, ташкилот, идора ва муассасаларда катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
– Эрталаб йўл-йўлакай ўтаётиб, Газа маҳалласида олиб борилаётган ишларни бир зум кузатдим, – дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Юнус Холиёров. – Маҳалла “еттилиги” ва кўнгилли одамларнинг аҳиллик билан меҳнат қилаётгани завқимни ошириб, суратга ҳам олдим. Аёллар атрофни супуриб, сидирмоқда. Бошқа бировлари дарахтларнинг тагини юмшатяпти. Яна бошқалари дарахтларни оқлаш, бўш ерларга мевали дарахт кўчати ва анвойи гулларни экиш билан банд. Ҳозир туманнинг барча маҳалла ва қишлоқларида ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бу ҳашар ёш авлод онгида ободликка меҳр уйғотаётгани билан ҳам эътиборга молик бўлмоқда.
Шу кунларда вилоятнинг барча маҳалла ва қишлоқларида амалга оширилаётган ҳашар халқимизнинг ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат туйғуларини янада юксалтириб, ободлик ва фаровонликка интилиб яшаётганини кенг намоён этмоқда.
Одамларни ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштирган ҳашар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири