Сурхондарё вилоятида кўклам бўй кўрсатиб,C, теварак-атрофни ободонлаштириш ва дала юмушлари бошланди.
Бандихон туманида ҳам “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” шиори остида ҳашар бўлиб ўтмоқда.
Баҳорга пешвоз чиқаётган бандихонликлар кўчат экиб, боғ яратиш, маҳалла-куй ва кўчаларни тартибга келтириб, ободонлаштиришни, томорқаларни экин экишга тайёрлаш каби юмушларни уюшқоқлик билан амалга оширмоқда. Йўллар атрофи ва жамоат жойлари тозаланиб, маҳаллалар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳудудлари тартибга келтирилаётир. Турли дарахт кўчатлари экилиб, мавжуд яшил ҳудудлар парвариш қилинмоқда.


Ҳашар доирасида нуронийлар Бирдамлик маҳалласида хонадонма-хонадон юриб, аҳоли ўртасида томорқа маданиятини шакллантириш, ер майдонларидан унумли фойдаланиш ва баҳорги экинларни ўз вақтида экиш юзасидан тарғибот тадбирларини ҳам бошлаб юборди. Маҳалла аҳолиси Мардлик кўчасининг чуқурлик ҳосил бўлган қисмини ҳашар йўли билан таъмирлашга киришди.


Туманда нуронийлар аҳолини бирлаштириб, уларни маҳалла, кўча ва хонадонларни ободонлаштиришга жалб этаётгани, ҳомийлар дошқозонларда ош пишириб, ҳашарчиларга тарқатаётгани, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Наврўзини миллий қадриятларимизга хос удумлар билан қарши олишга ҳозирлик кўраётгани эътиборга сазовор бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА