Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Наврўз” умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойига тайёргарлик кўриш мақсадида “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори асосида умумхалқ хайрия ҳашари кенг кўламда ўтказилмоқда.
Вилоятдаги қишлоқ, маҳалла, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўкаламзорлаштириш тадбирларини давом эттириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят бўйича жами 370 минг нафардан ортиқ жиззахликлар ихтиёрий равишда умумхалқ хайрия ҳашарида иштирок этмоқда.
Корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари, маҳалла фаоллари, аҳоли вакиллари ва ёшлар томонидан вилоят бўйича 590 гектарга яқин майдонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 600 тоннадан зиёд маиший ва қурилиш чиқиндилари махсус жойларга чиқариб ташланди. 62 километр масофадаги ариқлар ва лотоклар тозаланиб, 400 дан зиёд қабристон ҳамда 20 дан ортиқ зиёратгоҳда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.
[gallery-11053]
Умумхалқ ҳашари доирасида барча турар жой мавзелари, қишлоқ ва маҳаллалардаги йўл ёқалари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари атрофлари, аҳоли хонадонларидаги бўш турган ер майдонларига 80 минг тупга яқин манзарали, 40 мингдан зиёд мевали дарахт ҳамда 83 минг туп гул кўчатлари экилиб, 200 мингдан ортиқ дарахтларга шакл берилди, оқланди.
— Вилоятимизда умумхалқ хайрия ҳашари муносабати билан кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, “Наврўз” умумхалқ байрами ҳамда муборак Рамазон ойи арафасида 200 нафардан зиёд юртдошларимизнинг 4 минг 500 метр квадратдан ортиқ ҳажмдаги уй-жойларини таъмирлаш учун 68 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилояти бўлими раҳбари Абдумажид Сатторов. – Бундан ташқари, 590 нафардан ортиқ эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз қарияларга 145 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам ажратилди.
Мазкур кўрсатилган беминнат мурувват ёрдамлари учун “Маҳалла” фонди туман, шаҳар бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 175 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Жиззах вилоятининг барча шаҳар, туман, қишлоқ, маҳалла, ташкилот, корхона ва муассасаларида умумхалқ хайрия ҳашари давом этмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА