Андижон вилоятида “Тозалик ва озодалик” ойлиги доирасида ўтказилаётган тадбирлар юксак савияда давом этмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши томонидан “Обод юрт – тоза келажак учун!” шиори остида навбатдаги плоггинг акцияси ташкил этилди.
Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим вазирлиги Андижон вилоят бўлими ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда икки юз нафардан ортиқ ёшлар, депутатлар, партия фаоллари, аёллар ва ёшлар клуби аъзолари, шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари фаол иштирок этди.
Акция давомида иштирокчилар Андижон шаҳрининг Алишер Навоий, Ўзбекистон ва Чўлпон шоҳ кўчалари, шунингдек, Навоий боғи атрофини чиқиндилардан тозалаш, йиғилган чиқиндиларни махсус контейнерларга жойлаштирди. Шу билан бирга, аҳолига чиқиндиларни тўғри саралаш, белгиланмаган жойларга ташлаш экологияга зарар етказиши ҳақида тушунчалар берилди.
– Муҳтарам юртбошимиз томонидан илгари сурилаётган экологик ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилаётгани ёшларда атроф-муҳитга меҳр ва масъулият туйғусини янада кучайтирмоқда. Бугунги акцияда ёшларнинг фаоллиги, уларнинг тозалик ва озодаликка интилиши бунга ёрқин мисолдир, – деди Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши раиси Хуршидбек Юсупов.
Тадбир давомида волонтёрлар томонидан фуқароларга экологик маданиятни юксалтиришга оид тарғибот материаллари тарқатилди.
[gallery-25901]
Мазкур ташаббус вилоятда атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, пластик чиқиндиларни камайтириш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда ёшлар ўртасида ватансеварлик ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари