Йўллар бу халқ фаровонлиги, Ватан тараққиётининг муҳим кўзгусидир. Бугунги кунда юртимиз, хусусан Наманганда йўллар сони кўпайиб, сифат жиҳатдан ҳам янгиланиб бораётгани аҳоли учун қулайлик ва хавфсизликни таъминламоқда.
2009-2016 йилларда 9 триллион сўм эвазига минг километрдан кўпроқ йўл қурилган ва 20 минг километр таъмирланган бўлса, сўнгги саккиз йилда бу кўрсаткичлар олти баробаргача ўсган. Яъни, соҳага 58 триллион сўм ажратилиб, 2 минг километр йўл барпо этилган, 100 минг километри таъмирланган.

Айни пайтда Наманган вилоятида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари узунлиги 3 минг 377 километрни ташкил этиб, ушбу йўллардан 3 минг 229 километри вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси, 148 километри эса “Камчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси тасарруфида ҳисобланади. Вилоятдаги йўл тармоқларидан 1003 километри давлат аҳамиятидаги, 2 минг 226 километри эса маҳаллий аҳамиятдаги йўллардан иборат. Бу рақамлар ҳудудда йўл инфратузилмасининг кенг ва масъулиятли эканини кўрсатади.

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таҳлилига кўра, сифатли йўллар Ўзбекистон иқтисодиётининг камида икки фоиз ўсишига туртки беради. Шу боис йўл қурилишига янгича ёндашувларни жорий қилиб, сифатни ошириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий секторни кенг жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Наманган вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Сайфиддинов. – Йўлларни замонавий ёндашувлар асосида қуришга эътибор кучайди. Масалан, лойиҳа ҳужжатларининг намунавий андозаларидан воз кечилиб, ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятидан келиб чиқиш усулига ўтилди. 1 минг 700 та махсус техника харид қилиниб, йўл хўжалиги корхоналарининг таъминот даражаси оширилди. Янги турдаги асфальт-бетон, цемент-бетон қопламалар жорий этилди. Янги қурилган йўлларнинг фойдаланиш муддати 15-20 йил бўлади. Уларнинг ҳолати 42 турдаги кўрсаткич бўйича текшириб борилади. Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобидан олиб келинган техникалар йўлнинг физик хоссаларини баҳолаш ҳамда ер остидан ўтган коммуникация тармоқлари ҳолатини қопламани бузмаган ҳолда текшириш имконини беради.

Наманганда йўлсозлик соҳаси сўнгги йилларда улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар майдонига айланди. Бугун йўлларда нафақат қатнов имкониятлари, балки ҳаракат хавфсизлиги ҳам юқори даражада таъминланмоқда. Сўнгги йилларда вилоятда йўлсозлик тамомила юқори босқичга кўтарилди. Янги йўллар ва кўприклар қурилиши, мавжуд йўлларни реконструкция қилиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Наманган вилояти ҳудудида умумий фойдаланишдаги ҳамда ички хўжалик автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 14 минг 336 километрни ташкил этиб, жорий йилда йўл инфратузилмаси соҳасида 1 минг 488 километр йўлларда, саккизта кўприкда қайта қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Келгуси 2026 йилда 103 та объектда 550 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бундан ташқари, йўл бўйи инфратузилмасини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

Қайд этиш жоиз, йўлсозлик соҳаси фақат асфальт қопламаси билан чекланиб қолмайди. Бугун йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчилар ва ҳайдовчилар учун қулай шароит яратиш ҳам асосий вазифа сифатида қўйилган. Тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, тартибсиз ва тўғри жиҳозланмаган йўлларда йўл ҳаракати хавфи катта бўлади. Шу боисдан ҳар бир пиёдалар йўлаги, йўл белгиси ва чизиқлар алоҳида аҳамият касб этади. Бош бошқарма ҳамда унинг таркибидаги корхоналар томонидан йўлларни таъмирлаш билан бир қаторда пиёдалар йўлаги қуриш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Жумладан, Наманган тумани йўллардан фойдаланиш муассасаси томонидан давлат аҳамиятидаги “D” 113 автомобиль йўлининг Ахсикент археологик ёдгорлигига олиб борувчи қисмида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Йўлнинг 55-62 километрлари оралиғида қатнов қисмини кенгайтириш, асфальт-бетон қоплама қилиш ва хавфсиз пиёдалар йўлагини қуриш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Шунингдек, “D” 105 “Фарғона ҳалқа йўли”нинг 88-89 километрлари оралиғида ҳамда “D” 123 йўлининг 4 километргача бўлган оралиғида ҳам пиёдалар йўлаклари барпо этилмоқда.
Айни пайтда Давлатобод туманида қурилаётган Янги Наманган шаҳарчасида ҳам йўлсозлик ишлари қизғин давом этмоқда. Бу жойда уч километр масофада пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилиб, асфальт босиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Давлатобод туманининг Тўрақўрғон кўчасида “24/7” туризм кўчасини ташкил этиш ишлари қизғин давом этмоқда. Давлат аҳамиятидаги Наманган шаҳрига кириш автомобиль йўлининг 4 километри қисмида замонавий муҳит ва аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида тўрт тасмали қилиб қуришга мўлжалланган 3,1 километр масофада йўлларни кенгайтириш ва сув қочириш тизимини янгилаш учун лоток ётқизиш ишлари бажарилмоқда.
Вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги Уйчи ва Норин туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасалари томонидан “Чўжа – Норинкапа – Ҳаққулобод” автомобиль йўлининг 9-23 километрлари оралиғида 13 километр масофада йўллар таъмирланиб, пиёдалар учун хавфсиз йўлак қуриш ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ёғингарчилик туфайли сув тўпланишининг олдини олиш мақсадида сув қочириш тизимини янгилаш учун лоток ётқизиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Наманган минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмаси асосида Янги Наманган маҳалласининг 8 минг 257 метр қисмида ички кўчалар асфалтланмоқда.
Шу ўринда, мактаблар атрофида хавфсизликка ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Мавжуд мактаблар ва уларга яқин ҳудудларда йўл белгилари, ётиқ чизиқлар янгиланиб, пиёдалар ўтиш жойлари аниқ ва равшан кўринишда бўлиши таъминланди. Хусусан, Мингбулоқ, Уйчи, Янгиқўрғон ва бошқа туманлардаги давлат аҳамиятидаги йўллар ҳамда маҳаллий йўлларда мактаблар олдида пиёдалар ўтиш жойлари янгидан чизилди.
Йўл чизиқлари ҳам ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигида асосий ўринга эга. Айни пайтда давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларда ётиқ чизиқларни янгилаш ишлари ҳам жадаллик билан бажарилмоқда. Вилоятдаги энг йирик йўллардан бири – “Фарғона ҳалқа йўли”да бир кунда 30 мингдан зиёд техника ҳаракатланади. Шу боисдан бу йўлнинг соз ва равон ҳолатда бўлиши нафақат Наманган вилояти, балки бутун водий аҳолиси учун ҳам зарур.
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган “Ташаббусли бюджет” дастури ижроси асосида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари йўл инфратузилмасини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, 2025 йил биринчи мавсуми доирасида 85 объектда 108,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 288,2 километр ички хўжалик йўллари таъмирланган бўлса, “Очиқ бюджет”нинг жорий йилдаги иккинчи мавсуми давомида 128 объектда 444 километр ички хўжалик йўллари таъмирланиб, бунинг учун 171,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Мингбулоқ туманининг Мулкобод маҳалла аҳли кўчаларининг асфальт бўлиши учун “Ташаббусли бюджет”да фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди ва 3 минг 800 метр қисмида ички кўчалар асфальт бўлди. Наманган Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмаси асосида Наманган тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан маҳалланинг Теракзор ва Янги шаҳар кўчаларига асфальт ётқизиш ишлари бажарилди.
– Очиғини айтганда, биз анча йиллардан бери қишда лой, ёзда чанг кўчаларимизни обод бўлишини орзу қилиб яшар эдик, – дейди меҳнат фахрийси Орифжон Бойқўзиев. – “Очиқ бюджет” танлови орқали фуқароларнинг ислоҳотларда фаол дахлдорликка чорланиши натижасида Наманган туманидаги Бешкапа маҳалламизда яшовчи 4570 нафар аҳоли ўзаро ҳамжиҳатлик кўрсатган ҳолда, бир йил ичида икки маротабада “Очиқ бюджет”да ғолибликни қўлга киритишга эришдик. Биринчи мавсумнинг ўзида 1 миллиард 360 миллион сўмлик лойиҳа туфайли иккита кўчада 3,1 километрлик йўлларимиз асфалтланди.
Бир сўз билан айтганда, Наманган вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги корхоналар томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулайлик яратиш, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилишдир.
Бинобарин, йўл тизимида ҳар бир лойиҳа, ҳар бир янгиланиш ортида халқимизнинг манфаати ва фуқароларнинг хавфсизлиги турибди. Бу эзгу мақсадлар йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган барча йўлсозларнинг ишлари таҳсинга лойиқ.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XZOfyft68_E" title="Obod yo‘llar farovon manzillarga eltadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.