Давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳлар бириктирилган ҳудудларда бўлиб, манзилли ўрганиш ишларини амалга оширмоқда.
Бунда университетга бириктирилган ҳудудларнинг қизил тоифага кирган маҳаллаларида “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” тамойиллари асосида манзилли ўрганиш ишлари амалга оширилди. Жойларда ҳар бир маҳалланинг қизил тоифага кириш сабаб ва шароитлари, мазкур маҳаллалар ҳудудида содир этилган ҳар бир жиноятнинг сабаблари, "маҳалла еттилиги"нинг ижтимоий профилактикани самарали ташкил этиш бўйича фаолияти танқидий ўрганилди. Қизил тоифага кирган маҳаллаларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ахборот таҳлилий маълумотномалар, илмий асосланган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хусусан, жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида Учтепа туманида жами қизил тоифадаги маҳаллалар 6 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда туманда бу тоифадаги маҳаллалар 1 тани ташкил этмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан туманнинг қизил тоифага киритилган Тинчликобод маҳалласи ўрганилди. Ишчи гуруҳ ҳамда "маҳалла еттилиги" томонидан қарорда белгиланган вазифалар бўйича ишлар самарали ташкил этилгани, жорий йилнинг сўнгги 6 ойи давомида маҳалла ҳудудида бирорта жиноят содир этилмагани, маҳаллада жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилгани қувонарли ҳолат, албатта.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан тумандаги “Фарҳод” деҳқон бозори ҳамда “Ўрикзор савдо комплекси”даги хавфсизлик тизими, бозор ҳудудида содир этилган жиноятлар таҳлили, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам ўрганилди.
Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари томонидан берилган илмий асослантирилган таклиф ва тавиялар асосида маҳалла ҳамда бозорларда “Хавфсиз йўлак”, “Саломатлик йўлаги”, “Тезкор навбатчилик 102 пункти”, “Объект доимий қўриқловда” ва “Объект доимий кузатувда” каби лойиҳалар амалга оширилди.
Маҳалладаги қаровсиз, овлоқ ҳудудларда ободонлаштириш, ёритиш ишлари олиб борилгани, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда хонадонлар қўриқлаш хизмати томонидан қўриқловга олингани маҳаллаларда тинч-тотув, эркин ва фаровон ҳаёт кечирилишининг кафолати демак.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QGsOL__lyNo" title="“Obod va xavfsiz mahalla” tamoyili asosida o‘rganish ishlari olib borilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, А.Аҳмедов (монтаж), ЎзА