Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Обод ва хавфсиз маҳалла” кўрик-танловининг Навоий вилояти босқичи ғолиблари тақдирланди
22:46 / 2021-03-24

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Обод ва хавфсиз маҳалла” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танлов Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилмоқда.

Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Адизов “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад, жойларда фидокорона меҳнат қилаётган ва юқори натижаларга эришган фуқаролар йиғинлари ходимлари, профилактика инспекторлари ва бошқа давлат органлари, фуқаролар жамияти институти вакиллари меҳнатини муносиб тақдирлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган илғор иш тажрибаларини оммалаштиришдир.

[gallery-1731]

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда вилоятда 207 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 2020 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, фуқаролар бандлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш, ҳимоя ордерларини қўллаш, профилактик ҳисобда турган, гиёҳванд ва ичкиликка ружу қўйган шахслар, нотинч оилалар билан ишлаш масалаларининг тизимли йўлга қўйилганлиги, оилаларда соғлом муҳит шакллангани, кўркам ва қулай инфратузилма яратилганлиги боис уларнинг 55 тасида умуман жиноят содир этилмади.

Агарда 2018-2019 йилларда вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 827 миллиард сўмлик 51 та ижтимоий соҳа ва 167 минг км инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йилда туман ва шаҳарлардаги 265 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жами 985,4 млрд. сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган. Вилоятнинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш учун 15 та қишлоқ ва 5 та маҳалла танлаб олинган бўлиб, ушбу ҳудудлардан “Темир дафтар”га 30 та оила, “Аёллар дафтари”га 916 нафар аёл ва “Ёшлар дафтари”га 1478 нафар йигит-қиз киритилмоқда.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” кўрик танлови ғолиблари 26 номинация бўйича аниқланди. Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА