Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обод ва тўкин ҳаётни ҳеч ким четдан келиб яратиб бермайди
14:15 / 2020-06-12

Термизда «Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!» шиори остида “Обод хонадон«, Обод кўча» ва «Обод маҳалла» тамойили асосида мамлакатимизда ўтказилаётган долзарб уч ойликнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.


Термизда «Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!» шиори остида “Обод хонадон«, Обод кўча» ва «Обод маҳалла» тамойили асосида мамлакатимизда ўтказилаётган долзарб уч ойликнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

 Сурхондарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сурхондарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъул ходимлари, Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этган тадбирда вилоятда мазкур ойликни юксак савияда ташкил этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари – вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов кейинги йилларда мамлакатимизда ҳаётга кенг тадбиқ этилган «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимизнинг турмуш даражасини янада ошириш ва одамлар онгу-тафаккурини ўзгартиришда муҳим омил бўлаётганини қайд этди. Маҳалла ва қишлоқларда намунавий кўча ҳамда намунали хонадонлар сафи кенгайиб бораётгани ҳамда июнь-август ойларида «Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!» шиори остида хонадонлар ва кўчаларни обод, кўркам этиш бўйича ўтказилаётган долзарб уч ойлик бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Вилоятда 721 та маҳалла фаолият юритмоқда. Ҳудудларда долзарб уч ойликда амалга ошириладиган ишларни холисона таҳлил қилиб, мувофиқлаштириб бориш учун вилоят штаби ташкил этилди. Маҳалла ва кўчалар ободлиги, хонадонларимиз кўрки ва файзини янада оширишга йўналтирилган бундай эзгу ишда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари, Ҳаракатлар режаси, «Обод кўча», «Обод хонадон» ва «Обод маҳалла» мезонлари белгилаб олинди.

– Аслида ушбу тадбир давомида рўёбга чиқариладиган бу ишлар миллий қадриятларимизнинг бир бўлагидир, – дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг кексалар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, сенатор Орзиқул Соатов. – Эрта тонгдан кўча ва ҳовлини супуриб-сидириш, сув сепиш, анвойи гуллар экиб, парваришлаш, хонадонларни саранжом-саришта сақлаш ҳам халқимизга хос юксак фазилатдир. Обод ва тўкин ҳаётни ҳеч ким четдан келиб, яратиб бермайди. Кўча ва хонадонларимизнинг обод, файзу-барокатли бўлиши кўп жиҳатдан кўркам ва озодаликка боғлиқ. Воҳамизда нуроний оқсоқоллар ҳам бу тадбирда фаол иштирок этиб, жойларда хонадон эгаларига шу ҳақда атрофлича маслаҳат бериш, тўғри йўл кўрсатиш юзасидан амалга оширадиган тадбирларини режалаштириб олди.

Мамлакатимизда илк марта ўтказилаётган долзарб уч ойлик доирасида кекса авлод вакиллари ўз хонадонларини обод қилиш бўйича олиб бораётган ишлари, эзгу ташаббус ва таклифлари билан маҳалладошларига ибрат бўлишни мақсад қилиб олган. Шунингдек, ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, намунавий кўча, намунавий хонадон қандай бўлиши кераклиги тўғрисида уларга тегишли маълумот беради. Уй-жой, ёрдамчи хўжалик биноларини қуриш, уларни таъмирлаш, сақлаш ва томорқалардан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш каби масалаларда қимматли маслаҳатларини баҳам кўради.

Инсониятни жиддий синовдан ўтказаётган бир пайтда бошланган хайрли ташаббус мамлакатимизда жорий қилинган карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ташкил этилмоқда. Бу халқимизнинг синовли кунларда ҳам аҳил, иноқ ва бирдамлигини, яратувчанлик қудратини кенг намоён этади.

Семинарда туман ва шаҳар масъулларини маҳаллаларга бириктириб, уларнинг вазифаларини тушунтириш, туман ва шаҳар штабини тузиш, туман нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзолари, маҳаллалар раислари ва уларнинг ўринбосарларига, маҳаллалар раисларининг кексалар бўйича маслаҳатчиларига жойларда мазкур тадбирни тўғри ташкил этишга кўмаклашиш бўйича тавсиялар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Худди шундай семинар вилоятнинг барча туманларида ўтказилади.