Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси давлат рўйхатидан ўтказилганми?
16:20 / 2020-04-21

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бунга аниқлик киритди.


Интернет ва ижтимоий тармоқларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида ахборотлар пайдо бўлди.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бунга аниқлик киритди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги 228-сон қарорида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармасини ташкил этиш белгиланган. Мазкур қарорга асосан, жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилади.

Демак, жамғарма юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтиши талаб қилинмайди. Шундай экан, бу жамғарма давлат рўйхатидан ўтмаган.

Ижтимоий тармоқда давлат органлари таъсисчилигида такрорланувчи вазифаларга эга фондлар (нодавлат нотижорат ташкилотлари) Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилаётганлиги билдирилган.

Ушбу ўринда эътибор бериш лозимки, жамғарма жамоат фонди ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланмайди. Шунингдек, унинг вазифаси мавжуд ижтимоий йўналтирилган давлат ва нодавлат ташкилотларнинг вазифа ва функцияларини айнан такрорламайди.

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига асосан жамғарма Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг юқоридаги қарорда назарда тутилган тегишли манбалар ҳисобидан вазирлик тасарруфига келиб тушадиган маблағларни йиғиш ва улардан фойдаланиш учун тузилган бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига кўра, жамоат фонди жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Шунга кўра, Адлия вазирлигидан бевосита давлат органлари таъсисчилигидаги жамоат фондлари давлат рўйхатидан ўтказилмаслиги маълум қилинади.