Бухороликлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашарида фаоллик кўрсатди.
Ҳашар давомида вилоятдаги 500 та маҳалла фуқаролар йиғини, аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, болалар майдончалари тартибга келтирилмоқда. Жойларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари янада фаол олиб борилмоқда.
Асосий мақсад маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар ва қабристонлар ва бошқа жойларни ободонлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашдир.
[gallery-24916]
–Ҳашар кунлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мурувват ёрдамлари кўрсатилади, –дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абира Ҳусейнова. –Жумладан, вилоятдаги кам таъминланган оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланади. Шунингдек, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ногиронлар, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.
– Ҳашар, аввало, инсон қалбидан бошланадиган, унга эзгулик, меҳр- муҳаббат уруғини қадайдиган халқимизга хос қадриятдир, – дейди Бухоро давлат педагогика институти ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодир Маъмуров. – Шу боис ҳам бугун институт жамоаси ҳамда кўнгилли талаба-ёшлар билим маскани ҳудудини, қабристонларни тартибга келтириш, кўкаламзорлаштириш ва дарахтларга шакл бериш ишларига киришди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.