Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки
13:33 / 2023-03-18

Умумхалқ хайрия ҳашари Самарқанд вилоятида ҳам қизғин давом этмоқда.

— Регистон майдони ҳар доим хорижлик, маҳаллий сайёҳлар билан гавжум бўлади, – дейди Регистон ансамбли мустақил дирекцияси раҳбари Хонқул Самаров. – Айниқса, табиат тафтида илиқлик ҳукмрон бўла бошлагач сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Шу боис, ҳар доим ҳудудимиз ободлигини, тоза-озодалигини таъминлаш биринчи галдаги вазифамиз саналади. Бугунги умумхалқ ҳашарини ҳам жамоамиз билан кўтаринки руҳда ўтказяпмиз. Бaрча бирдек ҳамжиҳат бўлиб, ҳудудни обод қилишга бел боғладик.  

Ҳудудга 500 тупдан ортиқ манзарали дарахт ва бутасимон кўчатлар экилди. Умуман, вилоятда ҳашар доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш, ҳудудларда санитария-гигиеник дезинфекция ишларини амалга оширилмоқда.  

[gallery-11031]

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими ахборот хизматининг хабар беришича, хайрия ҳашарида вилоят бўйича 900 мингдан зиёд юртдошларимиз иштирок этмоқда. Ҳашар давомида 1200 гектардан ортиқ ер майдонлари ободонлаштирилади, 950 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланади, 1000 га яқин қабристон, 40 га яқин зиёратгоҳ ободонлаштирилиб, 60 минг тупга яқин манзарали ва 30 мингга яқин мевали дарахт кўчатлари экилиши, шунингдек, 130 километрга яқин ариқ ва зовурлар тозаланиб, 300 мингга яқин гул кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган.  

Бу сафарги хайрия ҳашарида кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳашар доирасида вилоятдаги 700 га яқин юртдошимизнинг хонадонлари таъмирлаб берилади. Бундан ташқари, 450 дан зиёд эҳтиёжманд, 240 га яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга қарийб 112 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 93,5 миллион сўм сарфланади. Ҳашар давомида фонд маблағлари ҳисобидан ҳар бир туман-шаҳардаги биттадан маҳаллаларда ош дамланиб, “Темир дафтар”даги ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга тарқатилиши кўзда тутилган.  

Ғ.Ҳасанов,  

А.Исроилов (сурат), ЎзА.