Сирдарё туманида уюшқоқлик ва бирдамлик билан ўтказилган навбатдаги ҳашар тадбири жамоатчиликнинг юксак фаоллиги билан ўтди. “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ташкил этилган ҳашарда туманнинг 38 та маҳалласида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ушбу ҳашарга 1000 га яқин аҳоли вакиллари ҳамда 20 га яқин турли техника воситалари жалб этилди. Натижада 30 тоннадан ортиқ чиқинди чиқарилиб, 2 километрдан ортиқ ариқлар тозаланди, 1000 дан зиёд манзарали ва мевали кўчатлар экилди.
Тадбир доирасида кўчалар, тураржойлар, ижтимоий объектлар ва улар атрофи янада ораста ҳолатга келтирилди. Шу билан бирга, аҳолига тегишли 27779 та хонадонга қарашли 3160,5 гектар ер майдонида сабзавот, полиз, озуқа ва резавор экинлар экиш ишлари ҳам бажарилди. Бу ўз навбатида дастурхонларимизнинг тўкинлиги, ҳар бир хонадоннинг фаровонлиги учун хизмат қилади.
– Халқимизда “Ҳашар элга ярашар” деган нақл бор. Қадимдан ота-боболаримиз маҳалла, гузар, кўча-куйни биргалашиб тозалашни гўзал анъанага айлантиришган. Бу удум бугунги кунда ҳам бардавом. Шу боисдан Сирдарёда “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ўтказилган ҳашарда нафақат аҳоли вакиллари, балки давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари ҳам фаол иштирок этди, – дейди маҳаллалар уюшмаси туман бўлими бошлиғи Ҳасан Баратов.
Мазкур тадбир меҳнат билан, шоду хуррам муҳитда, бирдамлик руҳида ўтди. Ҳашар доирасида спорт- соғломлаштириш мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилиб, маҳаллада яшовчи аҳолининг жипслиги ва дўстона муносабатлари янада мустаҳкамланди.
– Ҳақиқатан ҳам бундай ҳашарлар юртимиздаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. Ҳар ким ўз маҳалласини тоза, обод кўришни истайди. Ҳашарда қариялардан тортиб ёшлар, ҳатто болалар ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Ҳамма биргаликда ишлаганда маҳаллада самимий муҳит яратилади. Менимча, шундай тадбирлар нафақат атроф-муҳитни обод қилиш, балки кўнгилларни ҳам нурли қилишга хизмат қилади, – дейди "Қуёш" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Манзура Тавбаева.
[gallery-22788]
Хуллас, бу каби тадбирлар Сирдарёда мунтазам ўтказилаётгани юртимизда маҳалла институтининг мустаҳкам пойдеворга эга эканини, халқ ва давлатнинг ҳамкорликда юрт равнақи учун елкадошлик қилаётганини яна бир бор исботлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири