Андижон вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Алижонов Избоскан туманида бўлиб, бошқарув сервис компания томонидан кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди.
Избоскан туманидаги Мирзо Улуғбек ва Даминбойчек маҳаллаларидаги 38 та кўп қаватли уйнинг 786 та хонадонида 3 минг 100 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.


Мазкур кўп қаватли уйларга бошқарув сервис компания томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Айниқса, уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.

Бошқарув сервис компанияси ўзининг алоҳида биносига эга бўлиб, 8 нафар киши фаолият олиб боради. Самарали хизмат кўрсатиш учун ходимлар зарур техник воситалар билан таъминланган.

Бошқарма бошлиғи ўрганиш жараёнида компаниянинг олиб бораётган ишларига ижобий баҳо берди, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасидаги муҳим вазифаларни бажариш юзасидан мутасаддиларга, ходимларга зарур топшириқ, таклиф ва тавсиялар берди.

Умуман туманда мазкур йўналишда олиб борилаётган ибратли ишлар аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш, кўп қаватли уйлар атрофини тоза ва обод бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Уйларнинг ободлиги эса аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтирмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари