Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Обод қишлоқ”: электр таъминотини яхшилаш – аҳоли турмуш фаровонлиги демак
12:11 / 2022-09-09

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Андижон вилоятидаги танлаб олинган 32 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш, шу жумладан, электр энергияси таъминотини яхшилаш, мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида танлаб олинган 32 та маҳалла ҳудудида 205,1 километр узунликда электр узатиш тармоғини тортиш, 74 дона трансформатор пункти ўрнатиш режалаштирилган, – дейди “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бош директори Хуршидбек Юлдашев. – Айни кунда белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар дастур доирасида маҳаллаларга 2 минг 785 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди, 96,4 километр масофага янги электр энергияси узатиш тармоғи тортилди. Бундан ташқари, 10 дона трансформатор пункти ўрнатилиб, ишга туширилди.

Хўжаобод туманидаги Тошота маҳалласи вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Мазкур маҳаллада “Обод қишлоқ” Давлат дастури, қолаверса, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш чоралари кўрилмоқда. 

[gallery-8716]

– Маҳалламизнинг аксарият кўчаларида электр таъминотидаги узилишлардан аҳоли йиллар давомида жуда қийналар эди, – дейди Тошота маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмадулло Шокиров. – “Обод қишлоқ” дастури доирасида олиб борилган ишлар натижасида 1,2 километр узунликдаги электр тармоғи янгиланди, 25 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди. Натижада электр таъминоти борасидаги муаммолар бартараф этилди. Авваллари совуқ тушиши билан ёки ёмғир, қор ёғса, уйимизда кўп вақт чироқ бўлмасди. Насиб этса, энди ундай кунларни кўрмаймиз.

Андижон туманидаги Садда таги маҳалласида ҳам дастур доирасида 6,3 километр узунликда 10-0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи, қуввати 100 кВ кучланишли 2 дона трансформатор пунктини ўрнатиш ва ишга тушириш режалаштирилган эди. Бугунги кунга қадар ушбу маҳалла кўчаларига 296 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди, 7,8 километр узунликдаги 0,4 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи тортилиб, ишга туширилди. 

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда вилоятдаги белгиланган маҳаллаларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида электр таъминотини яхшилашга қаратилган ишлар қизғин давом этмоқда. Бу ишлар самараси ўлароқ, аҳолининг турмуш фаровонлиги янада юксалмоқда. 



Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА