Андижонда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида танлаб олинган маҳалла ва қишлоқларда автомобиль йўлларини таъмирлаш, қуриш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасига кўрк бағишловчи жиҳатлардан бири бу йўллардир. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча жойларида ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда йўллар қуриш, мавжуд йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавжуд йўллар жорий ва капитал таъмирланиб, янги-янги йўллар барпо этилмоқда. Мазкур йўналишда Андижон вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Пахтаобод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан тумандаги Қумшайдо, Қорақўрғон маҳаллаларида "Обод қишлоқ" дастури доирасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда Қумшайдо маҳалласининг Кўктўнлик ота кўчасида 800 метр, Қоратош кўчаси тўла, шунингдек, Қорақўрғон маҳалласининг Қорақўрғон кўчасида 520 метр, Оби ҳаёт кўчасида 1 минг 800 метр масофадаги йўлларда қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирга қадар Кўктўнли кўчасида 600 метр, Қорақўрғон кўчаси асфальтланди, шунингдек, мавжуд пиёдалар йўлакчасининг 200 метр қисмига ҳам асфальт ётқизилди. Йўлсозлар томонидан белгиланган ишларнинг сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Кўчаларимиз ёзда чанг, қишда лойлигидан одамлар юришга қийналар, бу масалада аҳолидан юқори ташкилотларга жуда кўп мурожаатлар бўлар эди, – дейди Пахтаобод туманидаги Қорақўрғон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансурбек Исроилов. – “Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳалламиз янада обод бўлмоқда, кўчаларимиз таъмирланиб, шағал ва асфальт ёткизилмоқда. Бундан фуқароларимиз беҳад мамнун бўлмоқда.

Бундан ташқари, шароити оғир бўлган Аҳиллик, Шомот маҳаллаларининг қатор кўчаларида ҳам йўлларни таъмирлаш, шағал ва асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунга қадар Аҳиллик маҳалласи Бодомзор кўчасида 305 метр, Шомот маҳалласининг Серсув кўчасининг асфальтланадиган 620 метр қисмидан 250 метри асфальтланди. Бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА