Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обод манзиллар фаровон турмушга хизмат қилади
10:55 / 2021-08-10

Ривожланиш, тараққиёт ободликдан бошланади.

Шу боис ҳам юртимизда мунтазам равишда ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Айниқса, истиқлолимизнинг 30 йиллик шодиёнаси олдидан бу борадаги ишлар янада кенг кўламда изчил давом эттирилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод маҳалла дастури тўғрисида”ги, “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги фармонлари ҳамда 2021 йилнинг 2 апрель куни қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, пойтахтимиз ҳамда вилоятларда, шаҳар ва туманларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Таъкидлаш жоизки, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишни изчил давом эттириш орқали ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш ва шу асосда аҳолининг фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтиришга устувор аҳамият қаратиляпти. Жумладан, пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг туманларида, маҳаллаларида ҳам йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилиб, ҳудудлар қиёфаси тубдан яхшиланиб бормоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг маълумотларига кўра, Сергели туманида жойлашган маҳаллаларда ҳам ободонлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари кечаю кундуз тўхтамасдан амалга оширилмоқда. Жумладан, “Юқори Дархон” маҳалласининг ички йўлларини таъмирлаш ишлари изчил давом эттириляпти. Бир пайтлар ўнқир-чўнқир, айниқса, ёғингарчиликларда аҳолига ноқулайликлар юзага келтирадиган ички йўллар бугун ўзгача кўриниш касб этаётир. Тиним билмай хизмат қилаётган ишчи-ходимлар томонидан замонавий техникалар ёрдамида йўлларга асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда.

Маҳалладаги бу ободончиликдан аҳоли  жуда мамнун. Эндиликда ёзнинг иссиғида ҳам, қишнинг қор-қировли, ёмғирли кунларида ҳам одамлар йўл муаммосига дуч келишмайдиган бўлишди. Улар бу “Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан маҳалламизга катта туҳфа бўлди”, дейишмоқда.  

Ана шундай кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари Миробод тумани маҳаллаларида ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, туманнинг “Баёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бажарилган ишлар аҳолига хурсандчилик улашмоқда.  

Қайд этиш жоизки, 4 гектар майдонга эга мазкур маҳаллада 250га яқин хонадон, 500дан ортиқ оила мавжуд бўлиб, 1200дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли турар-жой биноларининг ташқи фасад қисмлари ҳамда ён-атрофларида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш, ободонлаштириш ишларидан мамнун эканлигини қайд этишмоқда. Хусусан, кўп қаватли уйлар олдида бунёд этилган кўркам болалар майдончалари ўғил-қизларга чексиз қувонч улашмоқда. Ички йўллар таъмирланиб, дарахт ва буталарга шакл берилган. Маҳалла ҳудудидаги болалар боғчаси ҳамда Миробод туман тиббиёт бирлашмаси 2-сон оилавий поликлиника шохобчаси таъмирланиб, зарур шарт-шароит яратилган.  

“Баёт”даги ободлик маҳалла аҳлига байрамона кайфият ва кўтаринкилик улашмоқда. Юртимиз манзилларидаги бу каби саъй-ҳаракатлар аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, одамларга қулайликлар яратишга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА