Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Обод маҳалла” ва “Обод кўча” лойиҳалари бўйича пресс-тур ташкил этилди
17:54 / 2021-04-28

Мирзо Улуғбек туманида 282 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туманда 54та маҳалла мавжуд бўлиб, улар 4та секторга бўлинган.

Мирзо Улуғбек туманида тақсимланган маблағлар доирасида маҳаллаларда айвончалар қуриш (таъмирлаш) ҳамда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, кўп квартирали уйлар олдига болалар майдончалари ва ўриндиқларни ўрнатиш ҳамда таъмирлаш ишлари бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Маълумотларга таянадиган бўлсак, тумандаги 43та маҳалла ҳудудида кутубхона (42та), болалар ўйин майдончалари (85та) қуриш, уйларнинг олдида ўриндиқлар ўрнатиш (170 та), спорт майдончалари қуриш (85 дона) ва йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тизимини яхшилаш (407051,1 кв.м) белгилаб олинган.

Биринчи манзил Шукур Бурҳонов маҳалласи бўлиб, ушбу маҳалладаги “Обод маҳалла” лойиҳаси асосида бажарилган ишлар билан яқиндан танишилди. Хусусан, маҳалладаги болалар майдончалари қурилиши, кутубхона ва айвончаларнинг ўрнатилишига гувоҳ бўлдик.

– Бизнинг асосий мақсадимиз фуқароларимизнинг розилиги, яшаш шароитидан мамнунлигидир. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан туманимиздаги маҳаллаларда таъмирлаш, қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар учун ўйингоҳлар, спорт билан шуғулланиши учун майдонлар, кутубхоналар қурилиши ишлари давом этмоқда, – дейди 1- сектор раҳбари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Иргашев.

Кейинги манзилимиз “Феруза” МФЙ бўлди. Ушбу маҳаллада 4133 нафар фуқаро истиқомат қилади. “Обод маҳалла” лойиҳаси асосида бу ҳудудда спорт майдончалари, болалар майдончалари қуриш ва таъмирлаш, кутубхона, айвончалар, ўриндиқлар ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

– Маҳалламиздаги фуқароларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг бири бўлмиш китобхонлик маданиятини тарғиб этиш мақсадида маҳалламиз ҳудудида бепул кутубхона ташкил этдик, – дейди МФЙ раиси Қаҳрамон Турниязов. – Ушбу кутубхона учун фуқароларимиз уйларидаги китобларини совға қилиб, китобларнинг сонини оширишга ёрдам бераётгани бизни жуда қувонтирмоқда.

Бугунга қадар тумандаги Азамат, Алишер Навоий ва Шукур Бурҳонов маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлар олдидаги кичик кўчаларга 25 026 кв.м асфальт ётқизилди. Азамат, Чимён, Алишер Навоий, Мирзакалон Исмоилий, Феруза, Юзрабод, Шукур Бурҳонов ва Асака маҳаллаларидаги кўп қаватли уйлар олди ва пиёдалар йўлакларига 19 733 метр тўсиқлар ўрнатилди. Кўп қаватли уйлар атрофига бетон қопламалар ҳам ётқизилмоқда.

Бу каби амалий ишлар бошқа маҳаллаларда ҳам давом этади.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА