Ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, кўча ва хонадонлар осойишталиги ҳамда ободлигини таъминлаш, соғлом маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ёшлар таълим-тарбиясига эътибор қаратишда маҳалла институтининг ўрни беқиёс.
Наманганда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” танловининг вилоят босқичи ҳам айни шу эзгу мақсадга йўналтирилди.

Танловнинг дастлабки саралаш босқичи Наманган вилоятидаги мавжуд 754 маҳаллани қамраб олиб, мезонларга кўра, энг намунали иштирокчилар аниқланган эди. Шаҳар, туман босқичларидан муваффақиятли сараланган қатнашчилар вилоят кўригида ўзаро беллашди.
Давлатобод туманида жойлашган маданият марказида бўлиб ўтган якуний танловда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Жамшид Ҳотамов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Аҳаджон Мирзаев танлов иштирокчиларга омад тилади.

Тадбирда “Обод хонадон” ва “Обод кўча” номинацияларида “Маҳалла еттилиги” ходимлари ва фаоллар ҳудудларда олиб борилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ифода этилган фотоальбом ва видеороликлар тақдимоти билан иштирок этди. “Обод маҳалла” номинациясида эса маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари тақдимот билан бир қаторда савол-жавоб жараёнида тажриба, маҳорат ва ташаббус яққол кўзга ташланди.


Танловнинг якуний натижаларига мувофиқ, Янгиқўрғон туманидаги Қизилёзи маҳалласи Наманган вилоятдаги энг яхши “Обод маҳалла”, деб топилди. “Обод хонадон” номинациясида эса Янги Наманган туманидаги Тинчлик маҳалласида истиқомат қилувчи Хошимжон Дўлмонов хонадони ғолиб сифатида эътироф этилди. Наманган туманидаги Наврўз маҳалласидаги “Гулбаҳор” кўчаси эса вилоятдаги энг “Намунали кўча” номига муносиб кўрилди. Ушбу ғолиб-совриндорлар кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқни қўлга киритди.

Танлов ғолиблари ва фаол қатнашчилари Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси томонидан дилоам ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.