Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обод маҳалла – фаровон ҳаёт гарови
19:20 / 2025-11-15

Хоразмда аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш, яшаш муҳитини янада обод ва гўзал этиш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан эълон қилинган "Обод хонадон", "Обод кўча", "Обод маҳалла" кўрик-танловининг маҳалла босқичлари ўтказилмоқда.

Кўрик-танловнинг асосий мақсади аҳолининг фаоллигини ошириш, ҳамжиҳатликни кучайтириш, маҳаллаларда фаровон ва тоза муҳитни яратиш ҳамда ёшларда меҳнатсеварлик, масъулият туйғусини шакллантиришдан иборат.

Танлов нафақат обод муҳит яратишга, балки фуқароларда Ватан равнақи учун масъулият ва фидойилик туйғусини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

– Вилоятдаги 509 та маҳалланинг ҳар бирида мазкур тадбир орқали аҳоли ўртасида тозалик, тартиб-интизом ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, хонадонлар ва кўчаларни янада гўзал масканга айлантириш мақсад қилинган, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Одилбек Ортиқов. – Комиссия аъзолари томонидан хонадонлар ва кўчалар ҳолати чуқур ўрганилиб, тозалик, ободлик, яшиллик даражаси ҳамда аҳоли фаоллиги асосида баҳоланди. Натижада энг намунали хонадон ва кўчалар аниқланди.

[gallery-26280]

Боғот туманидаги Оқ тепа маҳалласидаги танлов доирасида ҳудуддаги 1 минг 170 та хонадон ва 39 та кўча саралашдан ўтди. Баҳолаш жараёнида маҳалла еттилиги ва фаоллар иштирок этиб, белгиланган мезонлар асосида ободлик, тартиб-интизом ва яшаш муҳитининг намунавий ҳолати ўрганилди. – Бу жараён маҳаллада яшаш маданиятини юксалтириш, фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатликни кучайтириш ва ободликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Оқ тепа маҳалласи раиси Умиджон Бобожонов. – Асосий мақсадимиз маҳалламизни янада кўкаламзорлаштириш, фаровон муҳит яратиш ва фуқароларимиз ташаббускорлигини рағбатлантиришдир.

Шовот туманидаги Бешмарган маҳалласида 4 та кўчада жами 582 та хонадон танловда иштирок этди. Маҳалла аҳолисига кўра, ғолибликдан муҳимроқ жиҳат ҳар бир хонадоннинг обод бўлиши. Чунки “хонадон обод бўлса – маҳалла, маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади”, дейди улар.

– Танлов эълон қилинганидан бери ҳар биримиз уйимизга янада гўзаллик бағишлаш, кўркам муҳит яратиш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз, – дейди маҳалла фаоли Наргиза Маткаримова. – Нуронийларимизнинг дуолари, ёшларимизнинг ҳашарлардаги фаол иштироки маҳалламизни янада тароватли қилишга ҳисса қўшмоқда.

Вилоятнинг чекка ҳудудларидан бўлган Тупроққалъа туманидаги 20 дан ортиқ маҳаллада ҳам танлов юқори савияда ўтказилмоқда. Хусусан, Нуробод маҳалласида “Маҳалла еттилиги” томонидан 10 та кўча ва 594 та хонадон кўрикдан ўтказилди. Натижаларга кўра, “Мусаффо” кўчаси “Обод кўча”, Наврўзбек Каримовнинг хонадонлари эса “Обод хонадон” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

Кўрик-танловнинг якуний босқичида ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар 30 ва 50 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари ҳамда автомобиль билан тақдирланади.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари