Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Обод маҳалла” дастури ижроси депутатлар назоратида
18:57 / 2021-02-16

Бухоро вилояти Вобкент тумани Шоҳнигор маҳалла фуқаролар йиғини энг чекка ва олис ҳудуд ҳисобланади. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир ҳудудлар тоифасига киритилган.

– Вобкент туманидаги Шоҳнигор маҳалласида жами 988 та аҳоли хонадони мавжуд бўлиб, 560 та оила, 1 минг 183 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан сайланган депутат, халқ депутатлари туман кенгаши котибияти мудири Муборак Наимова. 

– Ҳар бир кўчага партиядан сайланган депутатлар, ЎзЛиДеП фаоллари бириктирилди. Улар томонидан хонадонма-хонадон юриб, аҳоли муаммолари ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 853 та муаммо аниқланди. Мавжуд муаммолар партиявий воситалар орқали ҳал қилинишига келишиб олинди. Аксарият муаммолар юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи томонидан доимий комиссия ҳамда навбатдаги сессия кун тартибига киритиш учун масалалар тайёрланмоқда.

Партиянинг вилоят Кенгаши масъул ходимлари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларидан ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари “Шоҳнигор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бунёдкорлик, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар партиявий ва депутатлик назоратига олинган.

[gallery-1162]

– Оилада 6 нафармиз, – дейди “Шоҳнигор” маҳалласи Қўржуқ қишлоғи 5-хонадонда яшовчи Нуриддин Саломов. – Ўзим ва аёлим нафақада. Қизим 25 ёшда. Юрагини яқинда операция қилдириб Тошкентда 35 миллион сўмга стенд қўйдирдик. Лекин унга нафақа тайинлашда муаммолар юзага келмоқда. Депутатларга шу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилгандим. Яқин кунда амалий ёрдам берилишини таъкидлашди.

– Нуриддин Саломов оила аъзоларининг саломатлигини назорат қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш доимий назоратимиз, – дейди Шоҳнигор оилавий шифокорлик пунктининг Патронаж тиббиёт ҳамшираси Шоира Ҳакимова. – Қизларининг соғлиги ёмонлиги сабабли доимо тиббий кўрикдан ўтказиб турамиз. Уларга керакли биринчи тез тиббий хизматини амалга ошириб келяпмиз.

– Ҳудудда 83 нафар фуқаро “Темир”, 50 нафари “Аёллар”, 42 нафари “Ёшлар” дафтарларига киритилган, – дейди Ўзбекистон либерал-Демократик партиясидан сайланган туман кенгаши депутати Ойбек Раҳмонов. – “Аёллар дафтари”га кирган 6 нафар аёлнинг хонадонларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Икки нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган аёллар ва ёшлар учун семинарлар ташкил этилди. Уларга субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди.

Ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишларда ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзолари ва партия фаоллари жонкуярлик кўрсатмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА