Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор қишлоғида Қутайба ибн Муслим (р.а.) номи билан аталувчи зиёратгоҳ ва мақбара бор. Тарихчи Муҳаммад Наршаҳийнинг “Бухоро тарихи” асарида “Қутайбанинг қабри Фарғона (водий)да машхур бўлиб, “Работи сароханг” деган жойда “Кох” деб аталадиган (ҳозирги Қиличмозор) бир қишлоқда. Одамлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар” деб ёзилган.
Қиличмозор қишлоғидаги Қутайба ибн Муслим (р.а.) мақбараси устига ўрнатилган тошга шундай битиклар ёзилган: “Ва ул одамларки, Аллоҳ йўлида ўлдирилдилар, аларни ўликлар деб гумон қилмагин. Балки алар тирикдурлар. Парвардигорларн қошида аларға ризқ берилур”. Оли Имрон сураси, 169-оят.

Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим (р.а.) (660 - 715) йирик ислом фотиҳларидан бўлиб, ҳарбий саркарда, тажрибали лашкарбоши эди. Милодий 706 йилда халифа Юсуф Ҳажжож Абдумалик ибн Марвон фармони билан Хуросон амири лавозимига тайинланган ва унга Мовароуннаҳрни фатҳ этиш вазифаси юклатилган. Қутайба (р.а.) 706-713 йилларда тўлиқ ғалаба қилиб, ўлкага ислом динини олиб кирди ва уни мустаҳкамлиги учун улкан замин яратди.

Юсуф Ҳажжож вафотидан сўнг унинг ўғли Сулаймон ибн Абдулмалик тахт талашиб Қутайба (р.а.) қўшини орасида исён уюштиради. Лашкарбошиси Вакиъ ибн Хассан саркардани қатл этади. Қатл этилган саркарда яқинлари ва фарзандлари билан Фарғона водийсидаги қишлоқлардан бирига дафн этилади.
Айрим манбаларда келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур Қутайба (р.а.) дафн этилган жойни муқаддас билиб, буюк ислом саркардасининг қабри устига Самарқанддан меъмор жўнатиб, кўркам ва маҳобатли мақбара қурдирган. Бу мақбара 1935 – 1936 йилларда бузиб ташланган.

1975 - 1978 йилларда Андижон вилояти биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Бектош Раҳимов ташаббуси билан бузиб ташланган, хароба ҳолга келиб қолган мақбара миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта қурилган. Икки хонали мақбаранинг асосий хонаси ташқаридан квадрат шаклида бўлиб, ичкариси саккиз бурчакли, томонлари чуқур меҳробсимон равоқлар билан кўтарилиб, диаметри 5,5 метрли гумбаз билан ёпилган, гумбаз ўртасида эса қабр жойлашган бўлиб, мақбара ғарбидаги даҳлиз зиёратчилар учун мўлжалланган эди.
Қутайба ибн Муслим (р.а.) дафн қилинган мазкур жой ҳақида тарихчи Наршахий, XVI аср муаррихи Жамол Қарший, академик В.В.Бартольд асарларида ҳам турли маълумотлар келтирилган.
Ислом тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин олган улуғ зот номи билан аталувчи мазкур зиёратгоҳ 2006 йилда тарихий ва маданий мерос объекти, зиёратгоҳ сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Бугунги кунга келиб, ушбу маскан вилоятнинг энг обод зиёратгоҳларидан бирига айланган. Бир неча йилдирки бу ерда қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Зиёратгоҳ мажмуасининг қурилиши, ободонлаштириш ишларида Жалақудуқ туманидаги корхона, ташкилотлар, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, қўйингки, жуда кўп саховатпеша инсонлар яқиндан ёрдам бермоқда. Туман ҳокимлиги, хусусан, туман ҳокими Ҳикматулло Латиповнинг саъй-ҳаракати билан жуда катта ҳажмдаги ташкилий ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунга келиб бутунлай янги қиёфа касб этган зиёратгоҳга олиб борувчи йўл кенгайтирилиб, икки четига манзарали дарахтлар кўчатлари экилди, кўплаб савдо, овқатланиш ва маиший хизмат шохобчалари барпо этилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари