Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обод бўлаётган Наманган
17:30 / 2022-05-04

“Гуллар шаҳри” номи билан машҳур Наманган шаҳри Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар ва кенг қамровли бунёдкорлик ишлари натижасида янада кўркамлашиб, мамлакатимизнинг эътиборга молик, жозибадор ва мафтункор, чин маънода “ташриф қоғози” га айланган йирик масканларидан бирига айланди.

– Ўтган 2021 йилни салмоқли натижалар билан якунладик, – дейди Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов. – Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, халқ истеъмол моллари, қурилиш ишлари, чакана савдо айланмаси, хизматлар ҳажми, бюджет даромадлари ортиғи билан бажарилди. Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастурлари доирасида 7 минг 353 нафар фуқаро ва тадбиркорларга оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги ривожи учун 141,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиб берилди. Бу 2020 йилга нисбатан 1,8 баробар кўп. “Инсонга балиқ эмас, қармоқ бериш керак”, деганларидек, ишсизликни камайтиришга янгича ёндашувлар ўз самарасини бермоқда. “Ишга марҳамат” мономарказида тўрттадан ортиқ замонавий янги касб йўналишларини ўрганиш йўлга қўйилди. Чет элдан қайтганлар, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда тегишли касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

Бугунги кунда айрим корхона, ташкилот, муассасаларда ишлаётган ишчи-хизматчиларга меҳнат дафтарчалари юритилмагани, уларга конверт усулида иш ҳақи тўлаб келинаётгани, афсуски, айни ҳақиқат. Бу каби камчиликларни бартараф этиш, иш ўринларини легаллаштириш мақсадида 317 та корхона ўрганилиб, улардаги 1 минг 355 та иш ўрни легаллаштирилди ва натижада бюджетга 2,1 миллиард сўм қўшимча маблағ ундирилди. Сўнгги йилларда Наманган шаҳрининг ўсиш нуқталари, яъни “драйвер”и ҳисобланган кичик саноат зоналарини ривожлантириш ва уларнинг сонини ошириш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бутун Республикага “Наманган тажрибаси” сифатида кенг оммалаштирилаётган ана шундай саноат ҳудудлари сони 11 тага етди. Жами 186,3 гектарни ташкил қилувчи мазкур КЗСда умумий қиймати 2,3 триллион сўм бўлган 328 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 26 минг 119 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Айни пайтга келиб мазкур кичик саноат зоналарида 1,3 триллион сўмлик 153 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 13 минг 881 та янги иш ўрни яратилди. Ишга тушган корхоналарда 512 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 2,6 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Масалан, Даштбоғ маҳалласида барпо қилинган кичик саноат зонасидаги “Ҳақиқат сари савдо“ ва “Dreamliner Textile“” корхоналари томонидан тикувчилик маҳсулотлари ҳамда “Aziz dizayn servis” МЧЖ томонидан сумка маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шаҳарда инвестиция ва маҳаллийлаштириш дастурлари ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифлари давомида Наманган шаҳрида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик жами 209 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш йўналишларида 11 минг 590 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, ўтган давр мобайнида қиймати 1,1 триллион сўмга тенг 156 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида эса 7 минг 218 та доимий иш ўрни яратилди.

– Ўтган йиллар давомида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли янги тизим замон талаблари даражасида модернизация қилинмоқда. Болаларнинг соғлом ўсиши ва тизимли ўқитишга тайёрлаш узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми бўлган МТМларнинг устувор вазифасига айланди, – дейди Наманган шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Исломжон Сайфиддинов. – Ўтган йил якунлари билан Наманган шаҳрида 3-6 ёшли болалар 58 минг 516 нафарни ташкил этиб, шундан, 27 минг 156 нафарини ёки 46,4 фоизини мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олишга эришилди. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиш бўйича 96 та битим тузилиб, 2 минг 559 нафар болани боғачага қамраб олиш имконияти яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида берилган топшириғига кўра, Наманган шаҳрида лойиҳа қиймати 50,4 миллиард сўм бўлган 10 та янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 9 тасида қурилиш ишлари якунланди. Битта объектнинг қурилиш ишлари жорий йилда якунланади.

– Юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида халқ таълими тизимида улкан ўзгаришлар кўзга ташланмоқда, – дейди Наманган шаҳар халқ таълими бўлими мудири Жаҳонгир Лутфуллаев. – Президентимиз илгари сурган Бешта муҳим ташаббус доирасида шаҳримиз ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун 2021 йилнинг ўзида 581,3 миллион сўм маблағ ҳисобига 378 нафар ўғил бола дурадгорлик, компьютер саводхонлиги, ахборот технологиялари йўналишида ва чилангарлик, 832 нафар қиз пазандачилик, чеварчилик тўгаракларида касб-ҳунарга ўқитилди. Бундан ташқари Корея Республикасининг “Эксимбанк” кредит маблағлари ҳисобидан “Мактаб таълимида ахборот-коммуникацион технологияларини янада ривожлантириш” лойиҳаси асосида шаҳардаги 43 та мактабга 43 та тўплам (715 дона) компьютер техникалари келтирилди.

“Обод маҳалла” дастури доирасида шаҳарда қолган 103 та маҳалланинг ҳам архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштириш бўйича жами 748 миллиард сўмлик ишлар режалаштирилган бўлиб, шундан 596 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Наманган шаҳрида кейинги йилларда замонавий уй-жойларни қуриш бўйича янги давр бошланди, десак асло муболаға бўлмайди. Бунинг тасдиғини сўнгги тўрт йилда аввалги йилларга нисбатан 5-6 баробар кўп уй-жойлар барпо этилганини яққол кўриш мумкин.

Жумладан, Давлатобод туманидаги Элобод маҳалласи ҳудудида 3 та 15 қаватли 270 та хонадонли уй-жой қурилмоқда. Шу билан бирга 14 та уй-жойдаги 530 та хонадон имтиёзли ипотека кредит маблағлари ҳисобидан фуқароларга ажратилиб, давлат томонидан 8,1 миллиард сўм субсидиялар ажратиб берилди. Шаҳар аҳолисининг тоза ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 92,3 фоизни ташкил этади. Жорий йилда шаҳар ҳудудида 15,2 киломтер ичимлик сув тармоғи тортилди. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 60 миллион доллар миқдоридаги кредити доирасида жами 53,2 киломтер узунликдаги эскирган ички ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш ишлари бошланади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида ичимлик сув исроф бўлишига барҳам берилади.

Жорий 2022 йилда Наманган шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида бир қатор устувор вазифалар белгилаб олинган. Энг аввало, “маҳаллабай” ишлаш орқали аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш орқали турмуш шароитини яхшилаш, “ижтимоий дафтар” ларга киритилган ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 130 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли банк кредитлари эвазига 5,5 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади. “Бандликка кўмаклашиш” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 628 нафар фуқарога 2,7 миллиард сўм субсидия ажратилади. Шунингдек, аҳолини биринчи навбатда ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка ўқитиш учун 1,3 миллиард сўм стипендия тайинланади.

Наманган шаҳри аҳолиси сўнгги беш йилда 152 минг нафарга кўпайган. Шу даврда 300 дан зиёд кўп қаватли уйлар қурилиб, қарийб 65 минг фуқаро янги хонадонга эга бўлган. Таъкидлаш жоизки, “Янги Наманган” шаҳарчаси лойиҳасининг биринчи босқичида 330 гектар майдонда 8 минг 500 хонадонли 184 та уй-жой барпо этилди. Шунингдек, 145 гектар майдонда кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 10 минг янги иш ўрни яратилди. Қолаверса, бугунги кунда Наманган шаҳрида 30 минг фуқаронинг уй-жойга эҳтиёжи бор. Келгуси йилларда шаҳар аҳолиси йилига 25 минг нафарга кўпайиши кутилмоқда. “Даштбоғ” ва “Баркамол авлод” кичик саноат зоналарида умумий қиймати 346 миллиард сўмлик 68 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг самарасида кичик саноат зоналарига ёндош бўлган 15 та маҳалладаги 2,5 мингдан ортиқ аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Соҳил маҳалласида 10 гектар ер майдонида мебелчиликка ихтисослашган “Ойқирон” кичик саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилиб, e-auksion.uz сайти орқали жами 81 та лот жойлаштирилган. Ушбу кичик саноат зонасида умумий қиймати 430 миллиард сўмлик 81 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 4,5 мингта янги иш ўрни яратилади. Жорий йилда Наманган шаҳрида умумий қиймати 1,2 триллион сўмлик 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш натижасида 4,8 мингта янги иш ўрни яратилади. Хусусан, “Art Soft Holding” МЧЖ 420 миллиард сўм инвестиция ҳисобига чойшаб маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириб, 1 минг 570 та янги иш ўрни очишни кўзда тутмоқда.

Инвестиция дастури доирасида таълим, маданият соҳалари, шунингдек, ичимлик сув ва оқова сув, автомобиль йўллари, газ, ирригация тармоқлари, электр сингари 68 та объектда 208,7 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Болажонларнинг боғча қамровини ошириш, бошланғич таълимга тайёрлаш мақсадида 6 ёшли болалар бепул бир йиллик таълимга жалб этилади. 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни Мактабгача таълимига қамраб олиш кўрсаткичини ошириш мақсадида тўлиқ қувватда ишламаётган ташкилотларнинг 8 та гуруҳ хоналари таъмирланади, 9 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти инвестиция дастури доирасида ташкил этилади. 30 та нодавлат ва оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади.

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги фармонига мувофиқ, навбатлилик коэффициенти 0,7 дан паст бўлган 2 та мактаб тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга берилади. Умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўрта махсус маълумотли педагоглар сони 4,2 фоиздан – 2,2 фоизга туширилади. Мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга кириши камида 25-30 фоизга етказилади. Япония тажрибасини ўрганган ҳолда халқ таълими тасарруфидаги 7 та мактаб бўйича тажриба синов тариқасида тарбия дарси, соғлом овқатланиш, меҳнатсеварлик, тозалик, китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш ва ота-оналар билан ишлаш тизими жорий этилади.

Бу йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳамда зарурий чора-тадбирлар натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,4 триллион сўмни ташкил этиши ёки 2021 йилга нисбатан 109 фоизга ўсиши режалаштирилган.

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА