Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Обод бўлаётган Марҳамат (+видео)
11:11 / 2024-01-03

Якунланган 2023 йилда Марҳамат туманида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Очиғи, бугунги кунда туманда бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айтиш жоизки, кейинги бир неча йил ичида туманнинг, айниқса, туман марказининг аввалги кўриниши бутунлай ўзгариб кетди. Кўплаб янги савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар-жой бинолари, кенг ва равон йўллар, хиёбонлар бунёд этилиб, туман қиёфасига ўзгача кўрк бағишлади.

Айни кунда Марҳамат туманидаги мавжуд 48 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 35 минг 600 дан зиёд хонадонда 185 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Якунланган йилда туман иқтисодиётини кўтариш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

– Президентимиз, ҳукуматимиз кўмаги билан юртимизнинг энг чекка туманларидан бири бўлган Марҳаматда якунланган 2023 йилда кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари ишлари амалга оширилди, – дейди туман ҳокими Бобуржон Юлдашев. – Яратиб берилаётган шароитлар, берилаётган кўмаклар натижасида туманда кейинги йилларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,2 баробарга, кўрсатилган хизматлар ҳажми 4,3 баробарга, қурилиш ишлари ҳажми 6,1 баробарга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,2 баробарга, экспорт ҳажми 4,1 баробарга, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажми 8 баробарга ортди.  

Президентимиз ташаббуси билан ўтган йилнинг ўзида ажратиб берилган 300 миллиард сўм маблағ ҳисобига маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган турли лойиҳалар, қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, кўплаб маҳаллаларнинг йўллари таъмирланди, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ таъминоти тубдан яхшиланди.  

Узоққа бормайлик, бундан беш йил аввал ҳам тумандаги саноат, ишлаб чиқариш корхоналарини бармоқ билан санаш мумкин эди. Юртбошимиз, ҳукуматимиз, вилоят ҳокимлиги эътибори билан кейинги йилларда янги-янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Бу, энг аввало, туман иқтисодиётининг юксалишига, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Жумладан, 2023 йилда биргина саноат йўналишида умумий қиймати 18,8 миллион долларга тенг 13 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 2 минг 225 янги иш ўрни яратилди.  

Умуман, йил бошида туманда ишсизлар сони 7 минг нафарни, ишсизлик даражаси 9,0 фоизни ташкил этган бўлса, якунланган йилнинг 11 ойи давомида 30 минг 264 нафар кишининг бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси 8,2 фоизга туширилди.

Марҳамат туманида туризмни ривожлантириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Маълумки, туманда “Мингтепа” археологик ёдгорлиги жойлашган.  

– Халқимиз кўҳна тарихини акс эттирувчи ноёб “Мингтепа” ёдгорлигига нафақат юртимиз, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади, – дейди "Мингтепа маданий мерос" жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов. – Мингтепа харобалари халқимизнинг қадим тарихи ҳақида жуда кўп маълумотлар беради.  

Хитойлик ва ўзбекистонлик олимлар томонидан олиб борилган қазишмалар чоғида топилган ноёб осори атиқалар қимматли илмий-тарихий аҳамиятга эга. Ана шуни ҳисобга олиб, хорижий, айниқса, хитойлик туристларни жалб этиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилди.  

Бундан ташқари, Марҳаматда ўнлаб зиёратгоҳлар борки, уларга нафақат Андижон, балки республикамизнинг барча вилоятларидан, ҳатто қўшни Қирғизисизтон ва бошқа давлатлардан ҳам зиёратчиларни жалб этиш мумкин. Уларнинг бир нечтаси бўйича сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилган.  

Туманнинг географик жойлашуви тоғли ҳудуддан иборат эканлиги, экологик тоза ҳавоси тиббиёт туризмини ривожлантириш имконини беради. Айниқса, ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги “Мингтепа” чегара постининг очилиши қарийб 120 минг нафар Қирғизистон фуқаросининг транзит мақсадида ҳудуддан ўтиши, қолаверса, тиббиёт туризмини ривожлантиришга кенг йўл очиб берди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7SXooD8akUg" title="Obod boʻlayotgan  Marhamat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Туманда тиббиёт хизматлари сифати ва савиясининг юқорилиги, даволаниш нархларининг қўшни давлатга нисбатан 30-40 фоиз арзонлиги туфайли қўшни республикадан кўплаб фуқаролар даволаниш учун туманга ташриф буюрмоқда. Чегара очилганидан сўнг ўтган уч ой мобайнида қарийб 12 минг нафар қирғизистонлик тумандаги хусусий тиббиёт муассасаларида даволаниб қайтди.  

Туманда тутчилик ва пиллачиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманнинг Пахтакор маҳалласида фаолият кўрсатаётган "Ipak koʻchat klaster" фермер хўжалиги томонидан тутнинг йирик баргли, серҳосил “Янги Андижон” номли янги нави яратилиб, 30 гектар майдонда мазкур нав тут кўчатлари етиштириш йўлга қўйилган.  

Фемер хўжалиги томонидан йилига 3,5 миллион туп тут кўчати етиштирилиб, республикамизнинг барча худудларига етказиб берилмоқда.  Якунланган йилда хўжалик томонидан Қозоғистон Республикасининг “Казак жибеки” уюшмасига 2024-2029 йиллар давомида қиймати 31,2 миллион долларга тенг 80 миллион туп тут кўчати етказиб бериш бўйича шартнома тузилди. Ушбу шартномага асосан, 2024 йилнинг ўзида 6,5 миллион доллар қийматдаги 2,5 миллион туп тут кўчати экспорт қилинади. Бундан ташқари, Грузия, Озарбайжон, Тожикистон давлатларига йилига 10 миллион туп тут кўчати етказиб бериш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.  

Ана шундан келиб чиқиб, "Ipak koʻchat klaster" фермер хўжалигига қўшимча яна 50 гектар ер майдони ажратиш кўзда тутилмоқда.  

Бундан ташқари, жорий йилда “Sunshine partners LLC” Ўзбекистон-Япония қўшма корхонаси ҳамда Испаниянинг “SILKTRACO” компанияси ҳамкорлигида туманда умумий қиймати 18 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида тут плантацияси, қурт боқиш масканлари ташкил этиш, пилла етиштириш, сунъий озуқа ва ипак момиғи ишлаб чиқариш ишлари амалга оширилиши белгиланган.  

Мазкур лойиҳа уч босқичда амалга оширилади. Лойиҳа доирасида йилига 225 тонна пилла етиштирилади, 75 тонна хом ипак ишлаб чиқарилади, 5,4 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкони яратилади. Шу билан бирга, 150 нафар киши  доимий, 800 нафардан ортиқ киши мавсумий иш билан таъминланади.  

Туманда электр энергияга бўлган йиллик эҳтиёж 231 миллион кВт-соат бўлиб, шундан 208,4 миллион кВт-соат энергия марказлашган ҳолда етказиб берилади, дефицит 14,6 млн. кВт-соатни ташкил этади.

Ана шу дефицитни қоплаш учун тумандаги 53 та ижтимоий соҳа объекти, давлат идоралари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда 577 та хонадонга умумий қуввати 2,2 меговатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Шунингдек, ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Минг тепа гидроэнергия” МЧЖ томонидан киритилган 8,8 миллион доллар инвестиция ҳисобига туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали ўзанида 4,2 меговатт қувватга эга гидро электр станция қурилиши бошланди.  

Бундан ташқари, туманнинг иккита ҳудудида  умумий қиймати  20,0 миллион ва 3,5 миллион доллар тенг лойиҳалар доирасида қуввати 13,5 ҳамда ва 2,2 меговатт бўлган иккита гидро электр станция қуриш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.  

Юқоридаги ишларни амалга ошириш натижасида тумандаги 36 минг хонадонни тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.  

Тумандаги логистика марказлари томонидан масофавий хизматлар кўрсатиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда масофавий хизматлар кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган  “Сargo prime”, «New Alpha team»,“Эрши логистик” масъулияти чекланган жамиятларида 200 нафарга яқин ёш фаолият кўрсатмоқда. Ушбу марказларда инглиз тилини мукаммал биладиган ёшлар 5 минг долларгача иш ҳақи олиб ишламоқда. Бу туманда логистика йўналишида ишлаш, инглиз тилини ўрганиш истагидаги ёшлар сафини янада оширмоқда. Бугунги кунда тумандаги ва вилоят марказидаги ўқув марказларида 15 минг нафарга яқин марҳаматлик ёшлар инглиз тилини ўрганмоқда. Туманда фаолият олиб бораётган ўқув марказларига Англия, Канада, Америка давлатларидан мутахассилар жалб қилинган.

Жорий йилда логистик хизматлар хажмини ошириш мақсадида   “Galaxytek” МЧЖ томонидан 5 миллион, “Ershi logistics” МЧЖ томонидан 3,7 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига 680 нафар янги иш ўрни яратилиши, логистик хизматлар ҳажмини 7 миллион долларга етказиш, шунингдек, логистика марказларида робототехника, дастурлаш бўйича малакали кадрлар тайёрлаш академияси ташкил этилиши кўзда тутилган.  

Мухтасар айтганда, туманда 2023 йилда маҳалла ва қишлоқлар ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилган ишлардан аҳоли беҳад хурсанд. Бу ерда ким билан суҳбатлашмайлик, уларнинг қалбида обод юртга бўлган меҳр, унинг юксалиб, янада тараққий этиб бораётганлигидан фахр-ифтихор туйғулари жўш ураётганлигини гувоҳи бўлдик. Кундан кунга чирой очиб, обод бўлаётган Марҳамат, шубҳасиз, юртимизнинг гўзал масканларидан бирига айланади. Ишонамизки, ана шундай ибратли ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади.

Фахридин Убайдуллаев,  

Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари