Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оби ҳаётдан оқилона фойдаланиш зарур
12:19 / 2023-06-04

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунё бўйича сувга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бу эса сувдан оқилона фойдаланиш, сув сарфини аниқлашни талаб этади. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш ўта муҳим. Мухбиримиз Қуйи-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари Дадажон Ражабов билан Навоий вилоятида сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.

- Йилдан йилга аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб ортиб бормоқда, - деди Дадажон Ражабов.- Бу эса қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишни тақозо этмоқда. 2023 йил суғориш мавсумида вилоятга 869 миллион метр куб сув лимити ажратилган бўлиб, бугунги кунга қадар 175 миллион метр куб сув олинди.
Жорий йилда вилоятда 25 минг гектардан ортиқроқ майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, жумладан, 11 минг 101 гектар томчилатиб, 4,5 минг гектар ёмғирлатиб, 1,5 минг гектар дискрет суғориш ва 7 минг 903 гектар ерда лазерли текислаш ишларини ўтказиш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 7903 гектар ерда белгиланган ишлар амалга оширилди.

Ғалла майдонларини ёмғирлатиб суғоришда 150 та талабгорнинг 2636 гектар майдони учун пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, 35,3 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Ҳозирда 1267 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиялари тўлиқ жорий қилинди. 10562 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш режалаштирилган бўлиб, шундан, 84 та талабгорнинг 1421 гектар пахта майдони учун пудрат шартномалари расмийлаштирилган. 4 та талабгорнинг 160 гектар майдонида 4 миллиард сўмлик молиялаштириш ишлари амалга оширилди ва 1 та талабгорнинг 20 гектар майдонида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, тўлиқ ишга туширилди.

- Соҳага рақамли ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ҳамда сувни рақамли технологиялар асосида назорат қилиш тизимини ташкил этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

- 2023 йилда вилоятда жами 183 дона “Ақлли сув” қурилмаларини ўрнатиш, 1 та йирик сув хўжалиги объектини автоматлаштириш, шунингдек, 102 та мелиоратив кузатув қудуқларида “Дайвер” қурилмасини ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирда қурилмаларни сотиб олиб ўрнатиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 
Суғориш тармоқларида сувни реал вақт режимида бошқариш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатиш учун қарийиб 1,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. 46 та “Ақлли сув” қурилмаси учун шартномалар қилиниб, пудратчи ташкилотлар билан ўрнатиш ишлари ва интеграция қилиш амалга оширилмоқда. Рақамли қурилмаларнинг қолган қисми ишлаб чиқилган режа-графикка асосан ажратилган маблағлар ҳисобидан ўрнатиш, харид ва биржа савдоларига тендер эълонлари берилмоқда.
Мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлари сатҳи ва минерализация даражасини кузатиш имконини берувчи “Дайвер” қурилмасини ўрнатиш учун 1,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. 10 дона қурилма тендерга қўйилиб, шартнома қилинди. 

- Бугунги кунда сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериш борасида қандай чора-тадбирлар белгиланган?

- Давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Навоий вилоятидаги 4 та хусусий шерик ўртасида лойиҳа шакллантирилган бўлиб, лойиҳаларнинг умумий қиймати 38 миллиард 142,6 миллион сўмни ташкил этади. 
Бугунги кунда “Навбаҳор агро-индустриал комплекс” ишлаб чиқариш коорпаративи билан Навбаҳор туманидаги “Ғаллакор” насос станцияси ва “Иброҳим экспорт кластер” МЧЖ билан Хатирчи тумани “Олтинобод-1”, “Олтинобод-2” ва “Тасмачи” насос станциялари борасидаги лойиҳа самарали ишламоқда. Бу лойиҳалар бўйича хусусий шериклар томонидан белгиланган муддатларда инвестиция киритилган.
Аммо “Хатирчи агроэкспорт кластер” МЧЖ билан Хатирчи туманидаги “Эски Учқара" насос станцияси ва “Чиғатой” насос станцияси борасидаги 2 та лойиҳа бўйича шартнома шартлари бажарилмагани ва белгиланган инвестиция маблағлари киритилмаганлиги боис Кармана туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилган.

- Албатта, сув сарфини камайтириш ва ундан оқилона фойдаланишда ирригация тизими каналларини тозалаш ҳамда улардаги гидротехника иншоотлари ва гидропостларни таъмирлаш муҳим жараён ҳисобланади. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Ирригация тизими каналларини тозалаш ҳамда улардаги гидротехника иншоотлари ва гидропостларни таъмирлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олганмиз. Жорий йилда 217,2 километр узунликдаги хўжаликлараро каналларни механизм ёрдамида тозалаш учун 978 миллион сўм, 159 дона гидротехник иншоотларни таъмирлаш учун 335 миллион сўм, 183 дона сув ўлчаш гидропостларини таъмирлаш ишларида 219,6 миллион сўм, шунингдек, 319 километр хўжалик ички суғориш тармоқларини механизм ёрдамида тозалаш учун 395,1 миллион сўм, улардаги 356 дона гидротехник иншоотларида 165,6 миллион сўм, 530 дона гидротехник иншоотларида 94,6 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Бугунги кунда хўжаликлараро каналларнинг 102,4 километр, ички суғориш тармоқларининг 143 километр узунликдаги қисми механизм ёрдамида лойқадан тозаланди. 72 дона гидротехник иншоот, 84 дона гидропостларда, ички тармоқлардаги 162 дона гидротехник иншоотлар ва 238 та гидропостларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, жорий йилда 4 та лойиҳа, шундан 14,5 километр узунликдаги каналлар, 40 та суғориш қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда бир дона сув омборини хавфсиз эксплуатация қилиш тадбирлари режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирлар учун қарийиб 29,8 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида вилоятдаги 9 минг 900 гектар экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланади. 
2 та янгидан бошланувчи лойиҳа доирасида эса 4,2 километр узунликдаги коллекторлар тизимида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган. Ушбу тадбирлар натижасида вилоятдаги 720 гектар экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланади, сизот сувлари сатҳи 2,1 метргача пасайишига эришилади.
Айни пайтда белгиланган лойиҳалар доирасида ишлар давом этмоқда.

ЎзА мухбири Абдували Бўриев суҳбатлашди.