Бухоро вилояти Ромитан туманида жойлашган Ўба туризм қишлоғининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниязов, Ромитан тумани ҳокими Умид Барноев, Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Суҳробжон Бобокалонов, шунингдек, туризм соҳаси вакиллари, маҳаллий аҳоли ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда туризм соҳасига берилаётган эътибор, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туризм қишлоқлари орқали ҳудудлар иқтисодиёти ва жозибадорлигини ошириш имкониятларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Туризм қўмитаси томонидан Ўба қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилганлиги тўғрисидаги сертификат тантанали равишда топширилди.


Ромитан тумани Ўба туризм қишлоғининг очилиш маросими доирасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм ярмаркаси бўлиб ўтди. Бунда маҳаллий туроператорлар ва тегишли корхона вакиллари ўртасида B2B учрашувлари ўтказилиб, маҳаллий аҳолининг 2026 йилдаги ички саёҳатларини ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Тадбир доирасида “Bukhara Desert Oasis & SPA” туристик кластери, оилавий меҳмон уйлари, ҳунарманд уйлари, сувенир дўконлари ва туристик қишлоқнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишиш мақсадида туризм соҳа вакиллари учун инфотур ҳамда маданий ва спорт тадбирлар ташкил этилди.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири.