Гидрометеорология хизмати маркази маълумотларига кўра, сўнгги кунларда кузатилаётган давомли ёғингарчиликлар билан бирга жорий йилнинг 17-20 март кунлари республиканинг барча минтақалари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг шимолий ва чўл ҳудудларига совуқ ҳаво ҳарорати (-2-6 даражадан -7-10 даражагача) бўлиши прогноз қилинмоқда.
Баҳорнинг серёғин келиши қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида парваришлашда деҳқонларимиз зиммасига янада масъулият юклайди.
Хўш, ноқулай об-ҳавонинг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсири ва шу каби ҳолатларда қўлланиладиган агротехник тадбирлар қай тарзда амалга оширилади?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Зафар Ортиқовнинг таъкидлашича, давомли ёғингарчилик, совуқ ҳаво эрта гуллайдиган бодом, ўрик каби мевали дарахтларга зарар етказиши мумкин.

Шунингдек, бу ҳолатлар шафтоли, олхўри, олча, гилос, ёнғоқ ва кеч гуллайдиган дарахтлардан нок ва олмада ҳам кузатилади, лекин бугунги кунда республиканинг шимолий ҳудудларида мевали боғлар марказий ҳудудларга нисбатан 15-20 кун кеч уйғониши сабабли дарахтларда куртак, ғунча, гул ва тугунчалар кеч шаклланади. Бу ўз навбатида шимолий ҳудудлардаги мевали боғларга ҳеч қандай салбий таъсири бўлмайди.
Мутахассис томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, олча, шафтоли ва ўрик гуллари совуққа бирмунча чидамли бўлади. Мева дарахтларининг гуллари 2-3 оС ҳароратда 5 соат давомида совуқда қолса, нобуд бўлиши мумкин. Нок, олхўри, олма ва ёнғоқ гуллари қисқа муддатли – 2,2-2,8 оС, ўрик – 4 оС, шафтоли, бодом – 4,5 оС ҳароратга бардош беради.
Мевали дарахт гулларининг айрим қисмлари паст ҳароратга чидамлилиги турлича бўлади. Гулнинг геницейи (уруғчи ва оғизчали тугунчаси) совуққа жуда таъсирчан бўлади. Баъзан тугунчалар ҳарорат - 1 оСдан пасайганда ҳам зарарланади.
Тоғолча, нок, олма ва олхўрининг тугунчаси паст ҳароратларга бирмунча чидамли бўлади. Чангчи тугунчаларга нисбатан анча паст ҳароратга ҳам чидайди. Масалан, гул чанги, ҳатто -20 оС ҳароратда ҳам унувчанлигини сақлайди.
ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?
Об-ҳаводаги ушбу ўзгаришларнинг мевали боғ ва узумзорлар салбий таъсирининг олдини олиш ва гуллаган дарахтларни ҳимоялаш мақсадида зудлик билан керакли тадбирларни амалга ошириш лозим.
Хусусан, мевали боғ-токзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизилади. Қатор ораларига гўнг аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, улар тутатилади. Бунинг учун боғ ва токзорларга бир текисда, эни 1,25-1,5 м. баландлиги 0,5-0,75 м.дан тўп-тўп қилиб уюм қўйилади. Дарахтларнинг ёши ва қалин-сийраклигига қараб ҳар бир гектарда 100-200 та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмлар боғнинг шамол эсадиган томонига қўйилади ва ҳаво ҳарорати кузатиб борилади.
Ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1 оСга тушиши билан уюмлар тутатилади. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатилади. Агар совуқ бўлмаса уюмлар ўғит сифатида фойдаланилади. Боғ ва узумзорларда замбуруғ ва бактерия микрорганизмлари қўзғатадиган касалликларнинг олдини олиш учун профилактик тарзда биологик ва кимёвий препаратлар билан ишлов бериш ҳамда белгиланган агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш ҳам тавсия этилади.
СОВУҚ ҲАРОРАТНИНГ ҒАЛЛАЧИЛИК ВА ПАХТАЧИЛИККА ТАЪСИРИ
– Жорий йилда республика ҳудудларида 1032 минг гектар майдонларда кузги бошоқли дон экинлари парваришланмоқда, – дейди Зафар Ортиқов. – Бугунги кунда 893 минг гектарда (86%) туплаш ва 139 минг гектарда (13,5%) найчалаш фазаларида ривожланмоқда. Ҳудудларда экилган буғдойнинг куз ва қиш ойларида туплаш фазасида 17-21 даражагача совуққа чидамли навлари экилган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг шимолий ҳудудларида бугунги кунда кузги буғдой туплаш фазасида ривожланаётганлиги сабабли ушбу совуқ ҳарорат ҳеч қандай салбий таъсирини кўрсатмайди. Лекин, кузги буғдой тиним давридан кейин эрта баҳорда уйғониш даврида (+5 оС юқори бўлганда) жадал ривожланиб, туплаш фазаси давом этади. Ушбу даврда кутилмаган қисқа муддатли -5-6 оС совуқ ҳаво ҳарорати буғдой майсаларини 5-8 кунгача ўсишини сусайтириб, ривожланишдан орқада (стресс ҳолатига тушиши) қолиши мумкин.
Шунингдек, мутахассис ҳаво ҳарорати совиб кетганида биринчи навбатда ғалла майдонларига маҳаллий ўғит чиқариш ва шарбат усулида суғориш ишларини ташкил этиш лозимлигини қайд этди.
Унга кўра, ғалла майдонларида азотли минерал ўғитлар билан қўшимча меъёрда (физик ҳолда 100-150 кг/га) озиқлантириш муҳим бўлади. Макро ва микро элементлар билан бойитилган биостумлияторлар билан барг орқали суспензия усулида озиқлантириш ишларини йўлга қўйиш яхши самара беради.

Март ойининг биринчи ўн беш кунлигида кузатилган сурункали ёғингарчиликлар чигит экиладиган майдонларда эрта баҳорги агротехник тадбирлар (ер текислаш, бороналаш, мола босиш ва пушта олиш) ва чигит экиш ишларини амалга оширишни бирмунча кечиктирмоқда.
Шу боис республикамиз ҳудудларида чигит экишга ҳали киришилмаганлиги сабабли кириб келаётган совуқ ҳаво оқимининг салбий таъсири кузатилмайди. Хусусан, кузда шудгор қилиб қўйилган майдонларда тупроқда тирик ҳолда қишлаб, айни дамларда уйғонган зарарли ҳашаротлар ғумбаклари совуқ таъсирида нобуд бўлиб, ўсув даврида ғўзага зарарини камайтиради.
Шундан келиб чиқиб, пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари кетма-кет ёғингарчилик ва совуқли кунлар ўтиши билан дарҳол чигит экишни бошлаши ва мавсумни қисқа муддат – 10-12 кунда сифатли якунлаш чораларини кўриши тавсия этилади. Бунинг учун мавсумда қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини ишчи ҳолатга келтириш ва уларни отряд усулида ишлатиш, минерал ўғитлар, ЁММ захирасини яратиш, уруғлик чигитни шохобчаларга чиқариш ва чигит ивитадиган хандакларни тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратишлари лозим бўлади.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА