Япония Бош вазири Фумио Кисида Украинага ташрифи чоғида Президент Владимир Зеленскийни G7 саммитида онлайн-формат шаклида иштирок этишга таклиф этди. Таклиф қабул қилинди, деб хабар тарқатди Киодо агентлиги.
“G7 га раис мамлакат сифатида биз дунё тартибини қатъий ҳимоя қилмоқчимиз. Биз саммитда аниқ мужда бериш учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз”, - дея келтиради Кисиданинг сўзларини мазкур агентлик.
Кунчиқар мамлакати Бош вазири Фумио Кисида сешанба куни Украинага ташриф буюриб, Владимир Зеленский билан музокара ўтказди.
Кисида “Катта еттилик” мамлакатлари раҳбарлари орасида Зеленский билан ҳалигача шахсан учрашмаган ягона давлат етакчиси ҳисобланади.
Киевга ташрифи давомида Япония Бош вазири Украинага қайтариб олинмаслик шарти билан 470 миллион доллар ёрдам маблағи ажратишга ваъда қилган. Мазкур ёрдам энергетика ва бошқа гуманитар эҳтиёжларга йўналтирилади.
Шунингдек, Япония Украинага НАТО жамғармаси орқали 30 миллион доллар ажратади.
Украина ташрифидан кейин Кисида Польшага қайтиб келган ва республика раҳбарияти билан учрашган.
2023 йилда “Катта еттиликка” раислик Японияга ўтди. “Еттилик” саммити 2023 йил 19-21 май кунлари Хиросимада бўлиб ўтади.