2008 йилда Токио марказида хунрезлик содир этган 39 ёшли Томохиро Катога нисбатан белгиланган ўлим жазоси сешанба куни ижро этилди, деб хабар тарқатди NHK телеканали ҳукумат доиралари манбаларига таяниб.
"Бундан 14 йил аввал Токиодаги Акихабара кўчасида хунрезлик содир этган Томохиро Като ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Жазо 26 июль куни ижро этилди.
Бу Фумио Кисида бош вазирлик давридаги иккинчи қатл ижроси ҳисобланади", - дея таъкидланади телеканал тарқатган хабарда.
Жиноятчи юк машинасини пиёдалар тўдаси устига ҳайдаган ва кўчани тўсиб қўйган. Шундан кейин у машинадан тушиб ўткинчиларни пичоқлай бошлаган. Ўшанда амалга оширилган қотилликда етти киши қурбон бўлган, 10 киши жароҳат олганди.
26 ёшда бўлган Томохиро Като ҳибсга олингандан кейин Сидзуока префектурасидан атай Токиога келганини, мақсади кимнидир ўлдириш бўлганини айтган. У шунингдек, ҳаётга қизиқиши қолмаганини ҳам қўшимча қилган.
Айблов ҳукмида таъкидланишича, Томохиро Като руҳий касал бўлмаган, шунинг учун у ўз ҳаракатларига тўлиқ жавоб бера олади.
Япония суд тажрибасида ўлим жазоси одатда бир неча кишини ўлдирганга қўлланилади. Инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар Японияни ушбу жазо чорасини бекор қилишга чақириб келади. Кунчиқар мамлакатда ҳар йили тахминан 10 кишига ўлим жазоси қўлланилади.
Японияда ўлим жазога тортилган шахс ўзининг қатл этилишини йиллаб кутиши мумкин, лекин бу ҳақда фақат қатл ижро этиладиган куни эрталаб хабардор бўлади. Мамлакатда қатл ижроси осиб ўлдириш йўли билан амалга оширилади.