ОАВ: Япония, АҚШ ва Жанубий Корея етакчилари Хиросимада учрашади
Япония бош вазири Фумио Кисида АҚШ Президенти Жо Байден ва Жанубий Корея етакчиси Юн Сок Ёл билан Хиросимада уч томонлама учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Учрашув май ойида мўлжалланаётган “еттилик” гуруҳи саммити доирасида бўлиб ўтади. Бу ҳақда душанба куни Jiji агентлиги Америка ҳукумати манбаларига таяниб хабар тарқатди.
Учрашувда уч томонлама ҳамкорлик ҳамда минтақавий муаммолар, КХДРнинг ракета-ядровий дастури ва Тайван атрофида юзага келган вазият муҳокама қилинади. Ушбу уч мамлакат етакчиларининг сўнгги учрашуви худди шу форматда ўтган йилнинг ноябрида Камбоджада бўлиб ўтган эди.
Япония 2023 йилда G7 гуруҳига раислик қилмоқда. Мазкур “еттилик” саммити 19-21 май кунлари Хиросимада бўлиб ўтади. Саммитга шунингдек, Ҳиндистон, Индонезия, Австралия, Жанубий Корея, Кука ороли, Комор ороллари, Бразилия ва Вьетнам етакчилари ҳам таклиф этилган.