Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОАВ вакиллари уруғлик чигит тайёрлаш жараёнлари билан танишди
16:13 / 2026-01-30

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамкорлигида уруғчилик тизимини янада такомиллаштириш, юқори сифатли уруғлик чигит тайёрлаш жараёнлари билан жамоатчиликни яқиндан таништириш, шунингдек, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалий ишлар ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот бериш мақсадида Хўжайли туманида жойлашган “Файз агро кластер” масъулияти чекланган жамиятига қарашли пахта тозалаш заводига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда тегишли ташкилотлар масъуллари иштирок этиб, уруғлик чигитни қайта ишлашнинг замонавий технологик жараёнлари билан яқиндан танишишди.  

Иштирокчиларга уруғлик чигитни дастлабки қабул қилиш, механик ва биологик ифлосликлардан тозалаш, саралаш, туксизлантириш ҳамда экишга тайёр ҳолатга келтиришнинг барча босқичлари батафсил тушунтирилди.

Шунингдек, пресс-тур жараёнида уруғлик чигит сифатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи фитосанитария назорати масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассислари томонидан уруғлик маҳсулотларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўт уруғларидан холи ҳолда тайёрлаш, лаборатория текширувларини ўтказиш, амалдаги миллий ва халқаро фитосанитария талабларига риоя қилиш бўйича батафсил маълумотлар берилди. Бу эса келгусида юқори ҳосилдорликка эришиш, касалликларнинг олдини олиш ва экин майдонларининг фитосанитар ҳолатини барқарор сақлашда муҳим омил экани таъкидланди.

Бундан ташқари, тайёр уруғлик чигитни сақлаш, ташиш ва ундан самарали фойдаланиш тартиби, уруғчиликда сифат кўрсаткичларини ошириш орқали фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан замонавий технологиялар асосида қайта ишланган, сифатли ва сертификатланган уруғлик чигит қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида юқори иқтисодий самарадорликни таъминлаши қайд этилди.

[gallery-27351]

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, , Қорақалпоғистон Республикасида жами 2026 йил ҳосили учун 6 минг 243 тонна уруғлик пахта йиғилган бўлиб, шундан олинадиган уруғлик чигит миқдори 3 минг 309 тоннани ташкил этади.  Айни пайтда тозалаш, туксизлантириш ва дорилаш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда барча пахта-тўқимачилик кластер корхоналари ва бошқа субъектлар томонидан маҳаллий ғўза навидан йиғилган уруғлар фақат замонавий саралаш, дорилаш ва қадоқлаш ускуналари (лазерли фотосепаратор) билан жиҳозланган уруғ тайёрлаш корхоналарида қайта ишланмоқда.

2026 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш мақсадида фермер хўжаликлари ўртасида E-urug‘" тизимида тендер танлови ўтказилиб, 9 минг 600 гектар майдонга уруғлик пахта экиш кўзда тутилмоқда.

Тадбир якунида пресс-тур иштирокчилари томонидан берилган саволларга соҳа мутасаддилари атрофлича жавоб беришди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА