Мамлакат тараққиётининг муҳим кўрсаткичларидан бири аҳоли ва қишлоқ хўжалигини аниқ ҳисобга олиш, улар ҳақида ишончли статистик маълумотларни шакллантириш. Бу жараён нафақат давлат бошқаруви ва иқтисодий режалаштириш учун муҳим, балки ҳар бир соҳада - таълимдан тортиб соғлиқни сақлашгача, иш билан таъминлашдан то ҳудудий ривожланиш дастурларини белгилашгача бўлган йўналишларда самарали қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида ОАВ вакиллари учун мазкур мавзуда ўқув-семинари ташкил этилди.
Ўқув-семинари аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ва самарали ёритиш, аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилди. Тадбир БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда Миллий статистика қўмитаси, халқаро ташкилотлар экспертлари ва турли ОАВ вакиллари иштирок этиб, рўйхатга олиш жараёнининг мазмун-моҳияти, унинг миллий тараққиётдаги ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашди.
Рўйхатга олиш тадбири мамлакатнинг демографик ва иқтисодий салоҳиятини баҳолашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Аҳоли сони, ёш таркиби, иш билан бандлик даражаси, миграция жараёнлари ва бошқа кўрсаткичлар юзасидан аниқ маълумотлар олиш орқали давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб олинади. 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар бўлиб ўтадиган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири Ўзбекистоннинг мустақиллик даври тарихидаги энг йирик статистик жараёнларидан бири бўлади. Бу жараён мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда асосий маълумот манбаи сифатида хизмат қилади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, рўйхатга олиш жараёнининг самарадорлиги кўп жиҳатдан жамоатчиликнинг фаоллиги ва хабардорлигига боғлиқ. Шу боис, ОАВ ходимларининг маълумотни тўғри, холис ва тушунарли шаклда етказиш маҳорати бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Семинар давомида журналистлар учун ахборотни фактларга асосланган ҳолда ёритиш усуллари, статистик маълумот билан ишлаш маданияти, халқаро тажрибалар асосидаги мисоллар келтирилди. Бу уларнинг келгусидаги фаолиятида аҳолига ишончли, аниқ ва масъулиятли маълумот етказишни таъминлайди.
Ахборот жамият тараққиётининг асосий воситаларидан бири. Шу боис аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнини кенг ёритиш, унинг мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш ОАВ зиммасидаги муҳим вазифадир. Кенг жамоатчиликнинг хабардорлиги ва иштирокини таъминлаш орқали бу жараён нафақат статистик аҳамиятга, балки мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган умуммиллий ҳаракатга айланади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА