Туризм қўмитаси томонидан хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Навоий вилоятининг Нурота туманида жойлашган Сентоб туризм қишлоғига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар Сентоб қишлоғининг табиий гўзаллиги, экотуризм салоҳияти, маҳаллий ҳунармандчилик намуналари ва қишлоқ аҳолисининг яшаш шароити билан яқиндан танишди.

Сентоб қишлоғи Нурота тоғ тизмасининг бағрида жойлашган бўлиб, тоза ҳаво ва табиий манзаралари билан ажралиб туради. Бу ердаги қадимий қўрғонлар, тоғли манзаралар, табиий булоқлар сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Бугунги кунда маҳаллада оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 20 та оилавий меҳмон уйи ҳамда 3 та хостел фаолияти йўлга қўйилган.

Қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди, тунги ёритиш чироқлари ва 2 та пиёдалар кўприги, 2 тасельфи ҳудуди, Сентоб қишлоғининг рамзий кириш стеллоси, 1 та ахборот маркази қурилди.

Сентоб маҳалласида гастрономик ва экотуризм имкониятлари аниқланиб, мазкур йўналишда туризм хизматларини ташкил этиш бўйича аҳоли орасида тарғибот ишлари амалга оширилди. Шунингдек, миллий таомлар тайёрловчи гастрохонадонлар рўйхати шакллантирилди.

Хонадонларда мавжуд салоҳиятлардан фойдаланган ҳолда 5 турдаги туризм хизматлари ташкил этилди.
2022 йилда Сентобга “Туризм қишлоғи” мақоми берилган бўлса, Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида “2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоқлари”ни тақдирлаш маросимида “Энг яхши туризм қишлоғи”, деб эътироф этилди.


Пресс-тур давомида йиғилган фото ва видеоматериаллар, блогерларнинг жонли эфирлари ҳамда мақолалари орқали Сентоб қишлоғи ҳақидаги хабарлар халқаро ва маҳаллий ОАВ, шунингдек, миллионлаб обуначиларга эга ижтимоий тармоқ саҳифаларида кенг ёритилиши режалаштирилган.


Бу эса Ўзбекистоннинг янги сайёҳлик масканларини янада кенгроқ аудиторияга танитишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА