ОАВ: Германия мудофаа вазирлиги раҳбарияти тубдан қайта ташкил этилади
Германия мудофаа вазири Борис Писториус бош инспектор Эберхард Цорнни истеъфога чиқариб, бундесвер раҳбариятини тубдан қайта ташкил этишни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда мамлакатда чиқадиган Spiegel журнали.
“Вазир бундесвернинг янги бош инспектори лавозимига Карстен Бройерни тайинламоқчи. Ҳозирги бош инспектор Эберхард Цорн истеъфога чиқарилади”, – деб хабар тарқатди Spiegel.
Бройер бундан аввал канцлер идорасининг COVID-19 бўйича инқироз штабини бошқарган эди.
Хабарда таъкидланишича, Писториус ушбу қарори билан бундесвер раҳбариятини тубдан қайта ташкил этмоқчи.
“Бош инспектор нафақат мамлакат қуролли кучларининг юқори лавозимли ҳарбий хизматчиси, балки давлат котиби лавозимига яқин бўлган вазирликдаги муҳим мансабдор шахс ҳисобланади. Шу билан бирга, бош инспектор канцлернинг бош ҳарбий маслаҳатчиси ҳамдир”, – дея изоҳ берган мазкур нашр.