Буркина-Фасо пойтахти Уагадугуда юзлаб одамлар ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларни қўллаб-қувватлаб кўчаларга чиқишди, деб хабар бермоқда Франс Пресс агентлиги.
Аввалроқ Буркина-Фасода ҳарбий исёнчилар мамлакат президенти Рош Марк Каборени истеъфога чиқаргани ҳақида баёнот берган эди. Шунингдек, ҳарбийлар мамлакат ҳукумати тарқатиб юборилгани, конституцияга амал қилиш тўхтатилгани ҳақида ҳам маълум қилишди. Бундан ташқари, исёнчилар барча учун мақбул бўлган муддатда мамлакатни конституцион тартибга қайтаришга ҳам ваъда беришган.
"Пойтахт Уагадугу марказидаги Миллат майдонида бир неча юз киши тўпланишди. Улар хунтани қўллаб-қувватлаб байроқларни силкитишмоқда, ҳуштак чалмоқда. Кўча савдогарлари мамлакатнинг янги етакчиси сурати туширилган плакатларни сотмоқда", - дейилади агентлик тарқатган хабарда.
Агентликнинг ёзишича, маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Жюльенн Траоре ҳукумат тепасига ҳарбийларнинг келишини давлат тўнтариши, деб ҳисобламаслигини айтган. Унинг фикрича, бу исён эмас, балки “мамлакатни қутқариш”. Яна бир маҳаллий фаоллардан бири Лассан Уэдраго эса "Биз президент Каборени бир неча бор кетишга чақирдик, лекин у қулоқ солмади. Армия бизни эшитди ва тушунди", - деган.
Агентлик бераётган маълумотга кўра, сиёсий ўзгаришларга қарамай, Уагадугуда ҳаёт бир зайлда кечмоқда. Шаҳардаги энг катта бозор, савдо дўконлари ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари очиқ, шаҳар марказида эса ҳарбийлар унчалик ҳам кўзга ташланаётгани йўқ.
Исёнчилар 41 ёшли подполковник Поль-Анри Сандаого Дамиба раҳбарлик қилаётган “Асраш ва тиклаш учун ватанпарварлик ҳаракати” номидан ҳокимиятни эгаллагани айтилмоқда. Исёнчилар етакчиси Париждаги ҳарбий академияни битирган ҳамда Париж санъат консерваторияси ва магистр даражасида криминалистика илмини эгаллаган, деб ёзмоқда маҳаллий Faso портали. Дамиба 2015 йилгача президент қўриқчиларининг нуфузли полкида хизмат қилган. Давлат тўнтариши амалга оширилгунга қадар у Буркина-Фасо қуролли кучларининг пиёда қўшинларига қўмондонлик қилгани айтилмоқда.