Британия контрразведка хизмати MI5 кейинги беш йилда қарийб барча давлат муассасаларида ва муҳим тармоқларда ишлайдиган 10 минг британиялик интернетда «душман мамлакат» манфаатига хизмат қиладиган «зарарли профиллар» нишонига айланганини маълум қилди, деб хабар тарқатди Sky News телеканали.
MI5 раҳбари Кен Маккаллумнинг огоҳлантиришича, қатор давлатлар ва уюшган жиноятчилар ижтимоий тармоқларда ёлғон профиллардан «саноат миқёсида» фойдаланишмоқда. Шу боис, бундай таҳдидлардан хабардорликни оширишга қаратилган Think Before You Link («алоқа боғлашдан аввал ўйлаб кўр) компанияси ишга туширилган.
Телеканалнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда Хитой ва Россия каби «душман давлатлар», гўё ҳукуматда ва «аҳамиятли соҳаларда» ишлаётган британияликлар билан «дўстлашиш ёки алоқа боғлаш» учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.
«Улар қалбаки профиллар яратиб ва ўзларини беозор фойдаланувчилар қилиб кўрсатиб, миллий хавфсизлик билан боғлиқ масалаларга тегишли маълумотлар ва хабарларни ўғирлашга уринмоқда», – дея таъкидлайди Sky News.
Телеканалнинг маълум қилишича, Think Before You Link ташаббуси АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландия томонидан ҳам қабул қилинган. Ушбу давлатлар Британия билан биргаликда Five Eyes («Беш кўз») разведка альянсига киради.
Ғарб анчадан буён Россияни кибер ҳужум уюштиришда айблаб келади. Ўз навбатида, Россия барча айбловларни рад этиб, бу ҳақда ғарб мамлакатлари ҳеч қандай далил тақдим этмаганини маълум қилиб, Москва киберхавфсизлик бўйича мулоқотга тайёр эканини бир неча бор айтган.