Бразилиянинг тоғли Петрополис туманида юз берган кучли жала оқибатида юзага келган сув тошқини ҳамда ер ўпирилишлари натижасида қурбон бўлганлар сони 136 кишига етди, уларнинг 22 нафари вояга етмаган болалар экани айтилмоқда.
Аввалроқ 120 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинган эди.
Globo телеканалининг қутқарув хизмати берган маълумотга таяниб хабар беришича, ҳозирда қутқарувчилар вайроналар остидан 24 кишини қутқариб олган. Маҳаллий полицияга 216 киши бедарак кетгани ҳақида ариза келиб тушган.
Хабарда айтилишича, қутқарув ишлари билан 500 киши, 200 нафар полициячи, шунингдек ҳарбийлар ва кўнгиллилар шуғулланмоқда.
Бразилияда бу қадар катта офат келтирувчи ёмғир 1932 йилдан буён кузатилмаган эди.
Тезкор гуруҳ тарқатган маълумотга кўра, тошқин натижасида 190 та ўпирилишлар ва 230 та майда вайронагарчиликлар кузатилган, 80 та турар-жойга зарар етган, уларнинг 54 таси бутунлай вайрон бўлган.
Жума куни Бразилия президенти Жаир Болсонару Петрополис туманини бориб кўрган ва офат оқибатларини бартараф қилиш учун бюджетдан 2,2 миллиард (тахминан 430 миллион доллар) реал ажратилишини маълум қилган.