Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамкорлигида ўтказилган онлайн семинар шундай номланди.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ филиаллари ва тизим корхоналари матбуот хизмати ходимлари малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ОАВ билан ишлаш амалиёти, хусусан, инқирозли вазиятларда жамоатчилик билан алоқаларни барқарор ушлаб туриш каби масалаларда сўз борди.
–Ушбу ташкил этилган семинар тизимда фаолият юритаётган матбуот хизмати ходимларининг билим ва кўникмасини оширишда муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, иштирокчилар ўртасида ўзаро мулоқотларнинг шаклланиши ва ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишида амалий ёрдам беради. Эътиборлиси, иштирокчилар соҳага доир мавзуларда фикр алмашиб, фаол қатнашди, –деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов.
Онлайн семинарда инқирозли коммуникацияни ташкил қилишнинг ўзига хос жиҳатлари, унга қарши мулоқот режасини тузиш, ахборот хизматларининг бундай вазиятларда тезкор муносабат билдириш принциплари ва якуний таҳлиллар асосида иш режа яратиш каби бошқа долзарб масалаларда фикр алмашилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА