Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОАВ: АҚШ Буюк Британия ҳудудига бир нечта ядро қуролларини жойлаштирди
17:41 / 2025-07-23

Америка Қўшма Штатлари 17 йил ичида биринчи марта Буюк Британияда бир нечта ядро бомбаларини жойлаштирди, деб хабар тарқатди “UK Defence Journal” нашри.

Мақолада айтилишича, 2008 йилдан бери илк марта АҚШ ядровий қуроллари Буюк Британия ҳудудига қайтган, шунингдек, “B61-12” термоядро бомбалари Қироллик ҳаво кучларининг Саффолкдаги Лейкенҳит авиабазасига кўчирилган.

Ядро қуроллари янги манзилга келтирилиши бўйича АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Британия расмийлари ҳозирча изоҳ бермаган.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Россия НАТОнинг ғарбий чегаралари яқинида мисли кўрилмаган фаоллигини таъкидлаб келмоқда. Альянс эса ўз ташаббусларини кенгайтириётганига “Россия агрессиясини тўхтатиш” сабаб бўлаётганини айтмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги РФ НАТО билан тенг асосда мулоқотга очиқ эканини маълум қилган.

Июнь ойи бошида Буюк Британия ҳукумати 2027 йилга келиб ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 2,5 фоизигача ошириш режалари фонида стратегик мудофаа шарҳини эълон қилди. Хусусан, ҳужжат ядровий каллаклар арсеналини модернизация қилиш дастурини яратиш бўйича тавсияни ўз ичига олган, бунинг учун Лондон 15 миллиард фунт стерлинг (20 миллиард доллар) ажратишни режалаштирмоқда.

2024 йил апрель ойида Ядро қуролларини бекор қилиш бўйича халқаро кампания (ICAN)  НАТО давлатлари Польшада ядро қуролини жойлаштириш орқали “Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартномани бузаётганини таъкидлаган эди. 

Ташкилотнинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар Германия, Италия, Нидерландия, Белгия ва Туркияда ҳеч қандай расмий баёнотларсиз 150 га яқин ядровий бомбаларни сақламоқда. 

Яқинда “The Guardian” нашри шарҳловчиси Саймон Тисдалл Британия Бош вазири Кир Стармер ҳукуматининг ядро арсеналини модернизация қилиш режалари халқаро қурол назорати ҳаракатларига путур етказади ва глобал қуролланиш пойгасини кучайтиради, деб ёзган эди.  

Муаллифнинг фикрича, Лондоннинг ҳаракатлари ядро урушини “нормаллаштиради” ва тактик ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини оширади.

Ўтган душанба куни Кир Стармер мамлакат “урушга тайёрлик” режимига ўтаётганини маълум қилди. Янги мудофаа стратегиясининг бир қисми сифатида расмийлар 7000 та узоқ масофали ракета яратишни ва олтита янги ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчи завод қуриш учун 6 миллиард фунт стерлинг (тахминан 8 миллиард доллар) сарфлашни режалаштирмоқда. 

Бундан ташқари, дастур эълон қилинишидан аввал мамлакат Мудофаа вазирлиги 12 тагача ядровий сув ости кемаларини қуриш нияти борлигини ҳам маълум қилган.

С.Раҳимов,ЎзА