Ўтган ўн йил давомида Пентагон 60 минг кишилик махфий армия ташкил этган. Американинг Newsweek нашри икки йиллик суриштирувлардан кейин шундай хулосага келишди.
Журнал берган маълумотга кўра, ушбу ҳарбий тузилмадаги одам сони Марказий разведка бошқармаси (МРБ)нинг яширин ходимларидан ўн баробарга кўпдир.
Мақолада ёзилишича, “яширин” аскарлар мамлакат ичкарисида ҳам, хорижий йўналишларда ҳам иш олиб боришади. Улар вазифаларини ҳарбий кийимда ёки тинч фуқаро қиёфасида бажарадилар.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, ушбу дастурда 130 га яқин хусусий компаниялар иштирок этади. Улар ҳар йили 900 миллион доллардан кўп маблағ сарфлайди.
Бу ерда гап Яқин Шарқ ва Африканинг турли ҳудудларида бошқа исм остида ишлаётган ходимларнинг қалбаки ҳужжатларини тайёрлаш, ҳисоблари ва солиқларини тўлаш, шунингдек, эшитиш ва кузатув олиб бориш учун зарур бўлган махсус қурилмалар ва техникаларни тайёрлаш учун сарфланаётган маблағлар ҳақида гап бормоқда.
АҚШнинг махсус топшириқлар билан ишловчи кучлари махфий қўшинларнинг ярмидан кўпини ташкил этади. Уларнинг асосий вазифаси душман мамлакатларда жанг ҳаракатлари олиб борилаётган ҳудудларда террорчиларни кузатишдан иборат.
Мазкур армиянинг энг янги ва таркиби тез кўпайиб бораётган гуруҳи, кибержангчилар ҳисобланади. Улар яширин ном билан интернетда маълумот тўплайди, шунингдек, ижтимоий тармоқларда таъсир ўтказиш компанияларида иштирок этади.
Мақола муаллифларининг фикрича, ушбу яширин тузилма Вашингтонга фақат террорчиликка қарши курашиш учун эмас, балки Россия ва Хитой билан гибридли урушда рақобатбардошлик имкониятларини ошириш учун ҳам зарур ҳисобланади.