Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оналар куни!..
16:45 / 2020-05-08

Онамни ҳар куни ёдга оламан, таваллуд ва вафот этган кунида эса кўпроқ эслайман. Лекин майнинг иккинчи якшанбасида янада кўпроқ эслайман ва дуоларимни қайта-қайта такрорлайман.

Таклиф


Онамни ҳар куни ёдга оламан, таваллуд ва вафот этган кунида эса кўпроқ эслайман. Лекин майнинг иккинчи якшанбасида янада кўпроқ эслайман ва дуоларимни қайта-қайта такрорлайман.

Ўша куни фарзандларининг дуоларини тинглаётган бошқа оналар олдида онажоним мендан рози бўлишини истайман. Чунки майнинг иккинчи якшанбасида кўплаб давлатларда Оналар куни нишонланади, узоқ-яқиндан келган фарзандлар онаси ҳузурида тўпланади. Меҳрибон онажонларнинг бағри тўлади, она-болалар тўйиб дийдорлашади. Агар онаси дунёдан ўтган бўлса,фарзандлар қабри бошига боришади, ёдлаб дуолар ўқишади.
Дастлаб Оналар куни 1910 йилда АҚШнинг Виргиния штатида байрам қилинган. 1914 йилда АҚШ президенти майнинг иккинчи якшанбасини мамлакатда Оналар куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Шундан кейин бошқа давлатлар – Австралия, БАА, Баҳрайн, Бельгия, Бразилия, Германия, Гонконг, Дания, Италия, Кипр, Малайзия, Мальта, Мексика, Никерагуа, Покистон, Саудия Арабистони, Сингапур, Туркия, Украина, Уммон, Финляндия, Эстония, Япония, Қатар, Ҳиндистон каби давлатларда ҳам май ойининг иккинчи якшанбаси Оналар куни этиб белгиланди. Бу дунёнинг деярли ярми майнинг иккинчи якшанбасида Оналар кунини нишонлайди деганидир.

Ўттиздан ортиқ давлатда эса, Оналар куни бошқа саналарда байрам қилинади. Жумладан, Қирғизистонда май ойининг учинчи якшанбасида, Польшада 26 майда, Швеция ва Францияда май ойининг охирги якшанбасида, Қозоғистонда сентябрнинг учинчи якшанбасида, Белоруссияда 14 октябрда, Россияда ноябрнинг охирги якшанбасида, Грузияда 3 мартда, Мисрда 19 мартда, Арманистонда 7 апрелда, Испания, Португалия ва Литвада май ойининг биринчи якшанбасида, Грецияда 9 майда, Филиппинда 10 майда Оналар куни нишонланиб келинмоқда. Йил ўтган сайин Оналар кунини байрам қилаётган давлатлар сони ошиб бормоқда.

Оналар кунининг мазмуни оддий ва самимий – бизни дунёга келтирган, кўкрак сути, юрак меҳри билан вояга етказган муҳтарама оналарга иззат-икром кўрсатиш орқали ОНАни, онапарварлик туйғусини улуғлаш. Тўғри, онани севиш, ардоғлаш қонимизда бор. Бироқ, болаларда шу туйғу вояга етиши учун онапарварлик тарбия-тарғиботига эътибор қаратишимиз, уларга бу борада ўзимиз ибрат бўлишимиз лозим.

Ахир, ерга қадалган уруғ униб чиққач, эътиборсиз қолдирилса ўсмайди. Агар парвариш қилинса, азим дарахтга айланади, сояси ва мевасидан барча баҳраманд бўлади. Шунинг учун болаларга инсонпарварлик, тинчликсеварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик каби фазилатлар бўйича таълим-тарбия бераётганда онапарварлик туйғуси шаклланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Негаки, бошқа фазилатлар каби онапарварлик туйғуси ҳам болада ўз-ўзидан ривожланмайди. Айнан шу буюк туйғу болаларда ривожланишига Оналар кунининг нишонланиши беқиёс ҳисса қўшади.

Эзгулик оналарга меҳрдан бошланади. Қачон оналар ҳақида фикр юритсам, таниқли болқор шоири Қайсин Қулиевнинг шеъри эсимга тушаверади.

Онажоним ҳақда этмасман инкор,
Сизга меҳр билан сўзладим бисёр.
Ахир, ўз онасин севмаган одам
Севмас ўзгаларнинг онасини ҳам.

Жамики йўлларни ўйлайман ҳар гал,
Юртим сўқмоғини куйласам жўшиб.
Барча оналарни эслайман аввал,
Сўнг онам ҳақида бошлайман қўшиқ.

Дунёдаги энг яхши қўшиқни – аллани оналар айтганларидек, дунёдаги энг яхши қўшиқлар оналарга бағишланган. Улар орасида офтобдай чарақлаб турадигани Ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг муқаддас китобларимиздан илҳомланиб яратган мўъжаз мўъжизавий дурдонаси десам, сира муболаға эмас.

Оналарнинг оёғи остидадур
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг,
Бўл онанинг оёғин туфроғи.

Шеъриятимиз султонидан ибрат олган замонавий шоирларимиз ҳам оналарга бағишланган кўплаб шеърлар ёзишган. Уларни ҳамкасбимиз Ашурали Жўраев тўплаб, “Онажон” номи билан китоб ҳолида нашр қилдирди. Китоб тезда сотилди. Тўпловчи ушбу китобнинг тўлдирилган иккинчи нашрини ҳам чоп эттирди. Иккинчи нашри ҳам китоб дўконларида қолмади. Демак, халқимизнинг шундай китобга, онапарварлик тарбияси ва тарғиботига эҳтиёжи катта. Биз буни пайқагимиз келмаяпти, холос.

Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг онапарварлик тарбияси ва тарғиботига, Оналар кунига бағишланган бир қанча шеърларини, “Оналарни асранг” достонини, “Буюк туйғу” ва “Биз – она дарахтининг новдаларимиз” публицистик мақолаларини она тилимизга ўгирганман. Таржима жараёнида кўз олдимдан Доғистон оналаригина эмас, ўзимизнинг камсуқум, меҳнаткаш, меҳри дарё оналаримиз ҳам кино тасмасидай бир-бир ўтиб турди. Аслида, шундай заҳматкаш ва меҳрибон оналаримизга ҳар куни иззат-икром кўрсатишимиз керак. Бунинг имконини топиш қийин экан, ҳеч бўлмаса йилда бир марта тўпланиб онамизнинг ҳурматини жойига қўяйлик, сидқидилдан хизматларини қилайлик. Агар боқий дунёга кетган бўлса, қабри бошига бориб дуоларимизни йўллайлик, қабри ва атрофини чиннидай тозалаб, эккан гул ва дарахтларимизни парваришлайлик. Биз кетганимиздан кейин шу гул ва дарахт шамолда тебраниб, онажонимизга раҳматлар айтади.

Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист