Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оқсув ва Шаҳрихонсой дарё ҳавзалари ҳақидаги таҳлиллар сувни тежашга хизмат қилади
21:05 / 2019-11-05

Тошкентда Оқсув ва Шаҳрихонсой дарё ҳавзаларининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.


Тошкентда Оқсув ва Шаҳрихонсой дарё ҳавзаларининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ва хорижий мутахассислар, экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти томонидан ташкил этилган тадбир юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида сув таъминотини яхшилаш ва ундан унумли фойдаланишнинг замонавий усулларини амалиётга татбиқ этишнинг аҳамиятини кўрсатиб беришга қаратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9 октябрдаги "Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бундай саъй-ҳаракатларда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, бугунги кунда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.

Шундай талаблардан келиб чиқиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда халқаро тажриба муҳим ҳисобланади. Европа иттифоқининг молиявий кўмагида “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилаётган ишларда халқаро тажрибалар муҳим роль ўйнамоқда.

photo_2019-11-05_20-54-13.jpg

Бугунги кунда юртимизда Германия ҳалқаро ҳамкорлик жамияти ушбу дастурнинг биринчи компоненти сифати “Сув хўжалиги ва сув ресурсларини мукаммал бошқариш бўйича миллий доиравий концепсияси” доирасида бир қатор ишларни амалга оширмоқда.

– Сув – обиҳаёт манбаи, деб бежиз айтмайди ўзбек халқи, – деди Германия ҳалқаро ҳамкорлик жамиятининг биринчи компонент лойиҳа раҳбари Каролина Милов хоним. – Негаки, сув яшашимиз ва борлиқ учун зарур. Шундай азиз неъматни асраб-авайлаш ва оқилона фойдаланишга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшишдан бағоят миннатдормиз. Бугун биз дастур доирасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилдик. Бунда Қашқадарё вилоятидаги Оқсув ва Андижон вилоятидаги Шаҳрихонсой дарё ҳавзаларининг жорий ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳнинг натижаларидан барчани хабардор этдик. Ишчи гуруҳда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар қаторида ўша ҳудудда яшовчи вакиллар ҳам қатнашди. Шу билан бирга, бу жараёнга Австриядаги Атроф-муҳит агентлиги мутахассислари ўз ҳиссасини қўшди. Ушбу ҳавзалар бўйича режалар ишлаб чиқилиб, ҳавзалар манбаси ва суғориш имконияти каби жиҳатлар ҳар томонлама ўрганилди. Семинар-тренинглар ўтказилди. Олинган натижалар асосида қўлланма ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланди.

– Биринчи компонент ўз олдига қўйган режаларни амалга оширишда Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти ва унинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳам илмий ва амалий кўмагини берди, – деди ушбу институтнинг пойтахтимиздаги ваколатхонаси катта илмий ходими Ойтўра Анорбеков. – Бугун биз олинган натижалар бўйича иштирокчиларга қўлланмаларни тақдим этдик. Оқсув ва Шаҳрихонсой дарё ҳавзалари таҳлили келгуси режаларда асқотади, деб ўйлаймиз. Масалан, Оқсув дарё ҳавзасини ўрганиш кенг миқёсда олиб борилди. Бунда замонавий ускуналар ёрдамида Қарши ҳудудида 1978 йилдан бошлаб экилган экинлар тарихини аниқладик. Албатта, спутникдан олинган суратлар бизга шундай имкониятларни берди. Буни аниқлашнинг ўзига хос алгоритмлари бор. Бундан натижа шуки, олинган суратлар ўша ернинг сувга бўлган эҳтиёжини аниқлайди ҳамда бу сувдан тежаб фойдаланиш имконини беради.