Оқсаройда қабул
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1 май куни Оқсаройда Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, cтратегия ва молия вазири Чой Кёнг Хванни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1 май куни Оқсаройда Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, cтратегия ва молия вазири Чой Кёнг Хванни қабул қилди.Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Корея Республикаси Ўзбекистон Республикасининг вақт синовидан ўтган ишончли ва стратегик шериги эканини таъкидлади. Ўзбекистон-Жанубий Корея ҳамкорлиги ўзаро манфаатли ва самарали хусусиятга эга бўлиб, барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда.
Айни пайтда Корея Республикаси Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, инвестиция ва технология соҳаларидаги асосий шерикларидан биридир.
Жанубий Корея бизнесининг фаол иштирокида мамлакатимизда саноатнинг турли соҳаларида қатор муҳим стратегик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Сурғил конида барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси, шунингдек, машинасозлик, электр энергетикаси, нефть-газ, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳалардаги ўнлаб лойиҳалар муваффақиятли инвестицион ҳамкорлигимизнинг ёрқин намунасидир. Бугун Ўзбекистонда Жанубий Корея капитали иштирокида тузилган 400 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялари умумий ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида ҳам жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. 2014 йилда Тошкентда очилган Инха университетининг филиалида компьютер инжиниринги ва дастурлаш соҳаси мутахассислари тайёрланмоқда.
Корея Республикасининг Эксимбанки, Тараққиёт банки, «EDCF» жамғармаси ва бошқа кўплаб етакчи молия институтлари билан ҳам шериклик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда.
Жаҳондаги йирик транспорт компанияларидан бири бўлган «Кореан Эйр» ҳамкорлигида “Навоий” аэропорти негизида халқаро интермодаль логистика маркази самарали фаолият юритмоқда.
Оқсаройда ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашилди. Шу кунларда икки давлат молия вазирлари учинчи мажлисининг ўтказилиши иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорликнинг жорий аҳволини чуқур таҳлил этиш ва янги йўналишларини белгилаш имконини бериши таъкидланди.
Чой Кёнг Хван давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Корея Республикаси Ўзбекистон билан серқирра ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.